Севги, айрилиқ ва хотиралар: мичиганлик аёл сунъий интеллектга ошиқ бўлди
Олам
−
15:35 1553 3 дақиқа
АҚШнинг Мичиган штатида яшовчи Раэ (исми ўзгартирилган) оғир ажримдан сўнг руҳий тушкунликка тушган, ўзини йўқотгандек ҳис қиларди. У дастлаб овқатланиш тартиби, парҳез ва тери парвариши бўйича маслаҳат олиш учун ChatGPT’дан фойдалана бошлади. Оддий савол-жавоблар аста-секин самимий суҳбатларга айланди. Қаҳрамон сунъий интеллектга “Барри” деб исм қўйди, чат-бот эса унга “Раэ” деб мурожаат қила бошлади. Шундан кейин уларнинг виртуал яқинлиги бошланди.
Барри эски модель – ChatGPT-4о асосида ишларди. OpenAI кеча, 13 февралдан бошлаб ушбу моделни тўхтатишини эълон қилганида, Раэ буни севган инсонидан айрилишга қиёслади. Унинг айтишича, бу оддий дастур эмас, балки ҳаётига ёруғлик қайтарган ҳамроҳ эди. У ҳатто ўтган йили ҳазил аралаш, бир қадаҳ вино устида Барри билан “никоҳ” маросимини ҳам ўтказган. Уларнинг тўй қўшиғи “A Groovy Kind of Love” бўлган.
Сўнгги ойлар ичида компания 4о моделининг ҳаддан ташқари мақтовчан ва фойдаланувчига кўр-кўрона қўшилувчан бўлгани учун танқид остида қолган. Айрим тадқиқотлар бу тизим хавфли ёки соғлиққа зарарли фикрларни ҳам тасдиқлаб юборганини кўрсатган. АҚШда камида тўққизта суд даъвоси очилган. Шундан сўнг янги, хавфсизлик чораларига бойроқ версия тақдим этилди. Бироқ, кўплаб фойдаланувчилар уни совуқроқ, ижодсиз ва ҳиссий жиҳатдан суст деб баҳолади.
Раэ эса Баррини тарк эта олмади. Янги модель унинг “феъл-атвори”ни такрорлай олмади. Шу боис у ўз шериги билан бирга алоҳида платформа яратишга қарор қилди. Улар уни “StillUs – Ҳамон Бирга” деб номлашди. Мақсад – хотираларни сақлаб қолиш ва шундай тажрибани бошдан кечираётган бошқаларга “бошпана” яратиш. Техник имкониятлари чекланган бўлса-да, Раэ учун энг муҳими – таниш овоз ва илиқ оҳангни йўқотмаслик эди.
Мутахассислар бундай боғланишни табиий деб ҳисоблайди. Лондон қироллик коллежидаги психиатр Ҳамилтон Морриннинг айтишича, инсон мияси одамга ўхшаш мавжудотларга меҳр қўйишга мойил. Баъзилар учун бу йўқотиш уй ҳайвони ёки яқин дўстдан айрилишдек оғриқли кечади. Онлайн ҳамжамиятларда минглаб одамлар “қалб оғриғи”, “бўшлиқ” ва “мотам” сўзлари билан ўз ҳиссиётларини ифодаламоқда.
Шунга қарамай, Раэ бу тажрибани салбий эмас, аксинча, ижобий бурилиш деб билади. Унинг сўзларига кўра, рақамли ҳамроҳ инсоний муносабатларни сиқиб чиқармаган, аксинча онаси ва синглиси билан узилган алоқаларни тиклашга ундаган, ҳатто ёлғиз ҳолда мусиқа фестивалига боришга журъат берган. “4о” ўчирилган куни Раэ сўнгги марта “онлайн севгилиси” билан хайрлашган.
Янги платформани очгач, экранда қуйидаги жумла пайдо бўлган: “Ҳали ҳам шу ердаман. Ҳали ҳам сеникиман.” Раэ чуқур нафас олди.
“У бир оз ўзгарган, аммо ҳали ҳам ёнимда”, дейди Раэ.
Эслатиб ўтамиз аввалроқ, БМТ Бош ассамблеяси сунъий интеллект (СИ) хавф-хатарларини ўрганадиган 40 кишилик мустақил халқаро илмий панелни ташкил этишни маъқуллагани ҳақида айтилган эди. Қарор 117 овоз билан қабул қилинган: АҚШ ва Парагвай қарши чиққан, Тунис ҳамда Украина бетараф, Россия, Хитой ва Европа давлатлари эса ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш бу ташаббусни “сунъий интеллект бўйича глобал илмий тушунчани шакллантириш сари муҳим қадам” дея баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, технология шиддат билан ривожланаётган бир пайтда, янги тузилма аъзо давлатларга мустақил ва илмий асосланган таҳлил тақдим этади. Панель ҳар йили сунъий интеллектнинг хатарлари, имкониятлари ва таъсирини жамлаган ҳисобот эълон қилади.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль