БМТ СИ устидан глобал назоратни бошлади
Олам
−
13 Февраль 377 2 дақиқа
БМТ Бош ассамблеяси сунъий интеллект (СИ) хавф-хатарларини ўрганадиган 40 кишилик мустақил халқаро илмий панелни ташкил этишни маъқуллади. Қарор 117 овоз билан қабул қилинди: АҚШ ва Парагвай қарши чиққан, Тунис ҳамда Украина бетараф, Россия, Хитой ва Европа давлатлари эса ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш бу ташаббусни “сунъий интеллект бўйича глобал илмий тушунчани шакллантириш сари муҳим қадам” дея баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, технология шиддат билан ривожланаётган бир пайтда, янги тузилма аъзо давлатларга мустақил ва илмий асосланган таҳлил тақдим этади. Панель ҳар йили сунъий интеллектнинг хатарлари, имкониятлари ва таъсирини жамлаган ҳисобот эълон қилади.
Мазкур қарор сунъий интеллект компанияларидаги ички норозиликлар фонида қабул қилинган. Собиқ ходимлар технология назоратсиз ривожланаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Жумладан, Anthropic’нинг собиқ тадқиқотчиси Мринанк Шарма очиқ мактубида “дунё хавф остида” эканини таъкидлаган. OpenAI’нинг собиқ етакчи олимаси Зоэ Ҳитзиг эса компания стратегиясидан жиддий хавотирда эканини билдирган. СИ соҳасидаги таниқли шахслар — Дарио Амодеи, Сам Альтман ва Стеве Возниак — ҳам жиддий хавфлар ҳақида бир неча бор сигнал берган.
АҚШ вакили Лаурен Ловеласе эса панелни БМТ ваколатларидан ташқарига чиқиш деб атади. Унинг фикрича, сунъий интеллект бошқаруви БМТ эмас, миллий ҳукуматлар ва бозор механизмлари доирасида ҳал этилиши керак. Трамп эса СИ соҳасида минимал тартибга солиш тарафдори бўлиб, ортиқча бюрократия инновацияни секинлаштириши мумкинлигини таъкидлаб келади. Шунга қарамай, Қўшма Штатлардан икки мутахассис – Випин Кумар ва Марта Палмер янги панель таркибига киритилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Комиссияси, Интерпол ва кўплаб ташкилотлар сунъий интеллектнинг яланғочлаш воситаларини тақиқлашга чақирган эди.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль