Сергелидаги арзон уйларнинг нархи оширилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
Жамият
−
26 Сентябрь 2019
4197Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида кўп қаватли арзон уй жойлар қурилиб келинаётгани, ижтимоий тармоқларда мазкур уйларнинг нархи яна ошиши борасида хабарлар тарқалаётгани ҳақида маълумот берган эдик. Унда “Ўзшаҳар қурилиш инвест“ ИК МЧЖ томонидан шу мазмунда тайёрланган хат расми ҳам илова қилинганди.
Мазкур хабардан сўнг “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК ушбу хабар асоссиз эканлиги, унда акс этган ҳужжат эса ҳеч қандай юридик кучга эга эмаслилигини маълум қилди.
“Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2660-сонли ҳамда 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3350-сонли қарорларига мувофиқ, 2017-2018-йилларда республика шаҳарларида жами 24 856 та хонадондан иборат 602 та уй-жойлар белгиланган муддатларда қуриб битказилиб имтиёзли ипотека кредитлари асосида фуқароларга фойдаланишга топширилди.
Юқоридаги қарор билан тасдиқланган 2019 йил дастурига мувофиқ компаниямиз томонидан республика шаҳарларида 7 ва 9 қаватли ғишт ҳамда панел типидаги, 16 қаватли қуйма темир-бетон типидаги лойиҳалар асосида жами 403 та уй-жойларнинг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди. Ҳозирда уй-жойларни фойдаланишга топшириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу уй-жойларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари 2019 йил I чорагида давлат экспертиза кўригидан ўтказилиб, унга кўра қўшилган қиймат солиғисиз (ҚҚС сиз) 7 қаватли уй-жойларнинг 1 м кв нархи ўртача 3 980 000 сўмни, 9 қаватли уй-жойларнинг 1 м кв нархи ўртача 4 100 000 сўмни, йиғма темир-бетон констуркцияли (панел типдаги) лойиҳа асосидаги 9 қаватли уй-жойларнинг 1 м кв нархи ўртача 4 330 000 сўмни, қуйма темир-бетон типдаги лойиҳа асосидаги 16 қаватли уй-жойларнинг 1 м кв нархи ўртача 4 160 000 сўмни ташкил этмоқда.
Ушбу нархлар давлат экспертиза хулосаларига асосан бўлиб, уй-жойларда қурилиш-монтаж ишлари якунланганидан сўнг, ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, хонадонларнинг 1 м кв ҳақиқий нархи шаклланади. Бунда, юқорида кўрсатилган давлат экспертиза хулосалари асосида тасдиқланган баҳолардан ошмаслигини “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК кафолатлайди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотларни асоссиз эканлиги, аниқ ва ишончли маълумотларни “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК матбуот хизмати ҳамда +99895 514 50 50 ишонч рақами орқали олишингиз мумкинлигини маълум қиламиз”, дейилади компания баёнотида.
LiveБарчаси