Сепаратизм, миллатчилик, радикализм каби таҳдидлар тобора кучайиб боряпти – Мирзиёев
Жамият
−
03 Июль 2022
12099Дунёнинг турли минтақаларида ўзаро шафқатсиз рақобат, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, сепаратизм, миллатчилик, радикализм каби таҳдидлар тобора кучайиб бораётган вақтда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш барчанинг инсоний вазифасидир. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистонни ўз она Ватани деб биладиган барча ватандошларимизга, муҳтарам отахон ва онахонларимизга, қадрли ака-ука ва опа-сингилларимизга, азиз фарзандларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман.
Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида ўзаро шафқатсиз рақобат, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, сепаратизм, миллатчилик, радикализм каби таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда.
Ана шундай таҳликали вазиятда мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, гўзал диёримизда барқарор ва бардавом тараққиётни таъминлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш барчамизнинг, аввало, раҳбар ва мутасаддиларнинг нафақат вазифаси, балки муқаддас инсоний бурчидир.
Биз фақат мана шу йўл билан бугунги куннинг барча таҳдид ва хавф-хатарларига муносиб жавоб беришимиз, турли бузғунчи ғояларга қарши жамиятимизда, аввало, ёшларимиз қалбида мустаҳкам иммунитет яратишимиз, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танланган демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасдан янада самарали натижаларга эришишимиз мумкин.
Азиз юртдошлар!Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир.
Биз Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни барчамиз биргаликда албатта барпо этамиз.
Ўз ҳаёти давомида тарихнинг кўп-кўп машаққатли синовларини мардона енгиб ўтган азму шижоатли, олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган мана шундай буюк мақсадларга албатта эришади, деб ишонаман", деди давлат раҳбари сўз якунида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, кеча, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
LiveБарчаси