Сенаторлар Уй-жой кодексини маъқулламади. Ҳужжатда коррупцияга мойиллик бор
Жамият
−
04 Август 2022
9452Сенатнинг бугун, 4 август куни бўлиб ўтаётган йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси сенаторлар томонидан маъқулланмади.
Кодексни ишлаб чиқишда жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг уй-жойдан фойдаланишда қонунчилик ва норматив ҳужжатларга риоя этишдаги масъулиятини ошириш кўзланган.
Аммо муҳокамалар давомида сенаторлар Кодексда айрим нормаларни қўллаш механизмлари етарлича очиб берилмаганини таъкидлади.
Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат уй-жой фондидаги турар жойларни юридик шахсларга белгиланган мақсадда фойдаланиш учун ижара шартномаси шартлари асосида бериш ваколатини амалга ошириш тартиби белгиланмаган. Бу эса ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ва бошқа коррупцион ҳолатларга шарт-шароитлар яратиб беради.
Шунингдек, Кодексда белгиланган жисмоний ва юридик шахслар томонидан турар жойларни хусусийлаштириш йўллари яъни, якка тартибда қурувчиларнинг ширкатлари томонидан уй-жой қуриш ҳамда облигацияларини олиш йўлларини тартибга солувчи амалда бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги таъкидланди.
Бундан ташқари, мулкдорлар билан шартнома асосида турар жой бузилиши ва унинг ўрнида янги турар жой қурилиши мумкинлиги, шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши ва турар жойни қуриш учун зарур рухсатнома олинганидан кейин кучга кириши Кодексда акс эттирилган бўлса-да, шартноманинг қайси тури ҳақида сўз юритилаётганлиги мавҳум қолган.
Ваҳоланки мазкур масалалар шартномавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи Фуқаролик кодексида ҳам ўз аксини топмаган.
Шу билан бирга, қонунчилик техникаси қоидаларига лозим даражада риоя қилинмаган. Баъзи нормалар бир-бирига зид. Қатор моддалар билан давлат органларига дискрецион (чекланмаган) ваколатлар берилган ҳамда Кодексда қўлланилган бир қатор ҳаволаки нормалар етарли асосларга эга эмас. Ўз навбатида, ушбу ҳолатлар турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Муҳокама якунида Кодекс жамият учун муҳим бўлган ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишини инобатга олиниб, миллий қонун ҳужжатлари, илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ва ҳуқуқшунос олимлар фикрларини чуқур таҳлил этилган ҳолда, Кодексни такомилига етказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь