Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлиси 12 март куни чақирилади
Жамият
−
27 Февраль 2021
2881Кеча, 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисини 2021 йил 12 март куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни, қолаверса, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Экологик аудит тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳисоботи, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар, ташқи ишлар, адлия вазирларининг ахборотлари, Сурхондарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган Барқарор инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, қолаверса, давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Шунингдек, мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналарининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар ҳамда никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари муҳокама қилиниши назарда тутилган.