Сенатнинг 16-ялпи мажлиси бошланди

Жамият

image

Бугун, 25 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилаётган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, “Расмий статистика тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг