Сенатга қўшимча ваколатлар берилади

Жамият 4832
image

Бугун, 19 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун билан амалдаги 14 та қонун ҳужжатлари, шу жумладан, 11 та қонун ва 3 та Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятига оид қонунларга киритилаётган меъёрларга асосан маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинган қонунга зид қарорларни бекор қилиш ваколати Сенатга берилмоқда. Шу билан бирга, депутатни жавобгарликка тортишга розилик беришни ҳалқ депутатлари Кенгашлари сессиялари оралиғида ҳал этиш амалиётидан воз кечилмоқда.

Маҳаллий Кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш билан бир қаторда юқори палатанинг фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонунларга Сенат томонидан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг фаолиятига доир ҳисоботларни эшитиш амалиётини жорий этиш, шунингдек ҳудудий манфаатлардан келиб чиқиб, Сенат томонидан Давлат бюджетининг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш тартиби ўрнатилмоқда.

Қонунга асосан давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни бажармаганлик учун, давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш ҳақидаги Давлат активларини бошқариш агентлиги органларининг тақдимномалари бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Иқтисодиёт соҳасида яна бир ўзгартишга кўра, эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғимлар энди республика бюджетига эмас, Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши белгиланмоқда.

Ўз ўрнида, Қонун билан давлат бошқаруви органларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олиниши ҳамда ўз-ўзи билан сўнг жорий этилиши, умумий техник регламентлар эса бундан мустаснолиги белгиланмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун маҳаллий давлат ҳокимиятини органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат харидлари субъектларининг масъулиятини ошириш, маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши, Ҳукумат вакилларининг қонуний талаблари ўз вақтида бажарилиши, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатларнинг такомиллашишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 54
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×