Чироғи ўчмайдиган Сенатда яна “свет” масаласи кўтарилди

Жамият 16184

Қиш эшик қоқяпти. Совуқ кунлар аллақачон бошланган, баъзи ҳудудларда аҳоли электр токисиз қийналяпти, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳам узун навбатлар юзага келган. Ушбу масала бугун ўз ишини бошлаган Олий Мажлис Сенатининг 35-яллпи мажлисида кўтарилди. Сенаторлар 2022 йилги давлат дастуридаги энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга оид банд бажарилмаганидан шикоят қилди.

Муҳокамаларда сенатор Маҳмуджон Парпиев Сенат ялпи мажлисида иштирок этаётган Энергетика вазирлиги вакилларига савол билан юзланди.

“Биз ҳудудларда бўлганимизда совуқ тушиши билан энергетикада таъминот етарли эмаслиги, соатлаб ток ўчишлари, газ етишмовчилиги аҳолида норозилик туғдирётганига гувоҳ бўламиз. Газ қуйиш шохобчаларида навбатлар жуда узун. Бунга кўз юммаслигимиз керак, ўтган 9 ойда минглаб иш ўрни яратдик, Республикамиздаги тадбиркорлик субъектларининг иши 90 фоиз (ҳолатда) электр энергиясига тааллуқли. Агар энергия етарли бўлмаса тадбиркорлар фаолиятига тўсиқлар юзага келади. Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича нима чоралар кўрилмоқда?” дейди сенатор.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев саволга жавоб берар экан, ОТБ ва Жаҳон банки иштирокида 20дан ортиқ хорижий эксперт ва нуфузли консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистоннинг электр энергияси ва табиий газга оид қонунларига ўзгартиришлар киритилаётгани, энергетика соҳасига доир қонунлар янги таҳрирда ишлаб чиқилаётганини айтди.

“Булар Ўзбекистон электр энергетикаси тўғрисидаги қонун ва табиий газ тўғрисидаги қонунлардир. Бундан ташқари, Президентнинг "Электр энергияси соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичлари тўғрисида"ги фармони лойиҳаси Президент Администрациясига киритилди. Ушбу ҳужжат ҳам электр энергияси ва табиий газ соҳасида рақобатли бозорни шакллантириш, ушбу бозорга ўтиш босқичларини белгилаш, нархларни эркин шакллантириш ва хусусий инвестицияларни кенгроқ жалб этиш бўйича барча чораларни назарда тутади. Рақобатли бозорларни яратиш борасидаги умумий концепция доирасида ҳам энергетика бозорини яратиш ва тартибга солиш меъёрлари кўриб чиқилмоқда”, дейди Шерзод Хўжаев.

Бундан ташқари, у эски технологияларга асосланган иссиқлик электр станцияларни фойдаланишдан чиқариш ва янгиларини ишга тушириш бўйича олтита лойиҳа амалга оширилаётганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазири ўринбосари Ўзбекистондаги ҳеч бир фуқаро совуқ ёки қоронғи уйда яшамаслиги кераклигини, электр узилишларининг сабаби эса аҳоли электр токини кўп исроф қилаётгани билан боғлиқлигини айтган эди.

Ҳулкар Муртазоева
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 401
Рейтинг: 3
t
×