Сенат Қашқадарёда зўрланган аёл воқеасини назоратига олди

Жамият

image

Аввалроқ. Қашқадарёда 26 яшар аёл 5 нафар эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати мазкур воқеага муносабат билдириб, уни ўз назоратига олганини маълум қилди. 

“Ачинарлиси, кўнгилсиз воқеага учраган бу аёлнинг тунда кўчада юргани ёки ахлоқий юриш-туриши мазкур мудҳиш жиноят содир этилишига асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси бу ҳолатни фақат ана шу омил билан боғлаш нотўғри эканлигини таъкидлайди. Унутмаслигимиз лозим, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида ҳар бир фуқаро хоҳ тун, хоҳ кундуз бўлсин, кўчада юриши тақиқланмаган, шунингдек ҳеч ким бировнинг ахлоқсизлигини рўкач қилиб, уни ўзбошимча жазолашга ҳаққи йўқ”, дейилади Сенат ахборотида.

Қайд этилишича, номуси топталган бу аёл ўз оиласини боқиш истагида умумий овқатланиш жойларидан бирида официант бўлиб ишлаган ва уйига қайтаётган вақтда айрим нияти бузуқ шахслар томонидан таҳқирланган.

“Шунинг учун масалага бундай тор маънода ёндашиш юртимизда тунда юриш зўравонлик қурбони бўлишга сабаб бўлади деган мутлақо нотўғри қарашларнинг шаклланишига, натижада мамлакатимизда ўрнатилган қонун устуворлиги ҳақида янглиш фикр пайдо бўлишига олиб келади.

Хулоса битта – шахснинг эркинлигига тажовуз қилинган ва жиноят содир этган шахслар қонун олдида жавоб бериши муқаррар”, дейди Сенат.

Урғуланишича, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ушбу жиноят иши юзасидан мутасадди идоралар томонидан зарур чоралар кўрилишини назоратга олган.

Эслатиб ўтамиз, воқеа жорий йилнинг октябрь ойида рўй берган. 5 нафар эркак тунги соат 1:30 да кўчада кетаётган 26 ёшли М.Т.ни мажбурлаб машинага ўтказиб, овлоқ жойга олиб боришган ва номусига тегишган.

Ҳозирги кунда жиноятчиларнинг барчаси ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё Сенат

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг