Заҳарланаётган бўлса кўчиб кетсин. Масъуллар фуқаро мурожаатини менсимайдими?
Таҳлил
−
15 Апрель 2023
17031Агар эсингизда бўлса, аввалроқ QALAMPIR.UZ “Сергелида одамлар заҳарланмоқда” номли махсус суриштирувини эълон қилган ва унда собиқ Сергели, ҳозирги Янгиҳаёт тумани 9- ҳамда 8-қурилиш ҳудудларидаги кўп қаватли уйларда тутун чиқаргичларнинг нотўғри ўрнатилгани боис одамлар заҳарланаётгани муаммосини таҳлил қилган эди.
Суриштирувимиз аҳоли орасида муҳокамаларга сабаб бўлди, одамлар бундай муаммо ўта оғир оқибатларга олиб келмасидан аввал унга ечим топиш кераклиги ҳақида жон куйдириб изоҳлар ёзди.
Аммо афсуски, суриштирувимиз масъулларни иссиқ ўрнидан қўзғата олмади. Орадан бир ҳафтадан зиёд вақт ўтган бўлишига қарамай, на 12-протоколни имзолаган Қурилиш вазирлиги, на дудбўронларни одамлар заҳарланишига мослаб қурган “Ўзшаҳарқурилиш инвест” МЧЖ ва на Тошкент шаҳар ҳокимлиги QALAMPIR.UZ’нинг ушбу танқидий-таҳлилий видеоматериали юзасидан бир оғиз муносабат билдиргани йўқ.
Бироқ суриштирувимиз давом этаётган ва эълон қилинишидан бир муддат аввал мурожаатчи Бекзод Акбаровнинг шахсий уйи деразаларига осиб қўйилган “Стоп тутун” деб ёзилган баннерни кимдир олиб ташлаган.
“Менга айтмасдан ўзимнинг шахсий уйимдаги, шахсий мулким бўлган баннерни олиб ташлашибди. Муаммони кўтарган одамга ёрдам бериш ўрнига мана шундай ҳар хил ҳаракатлар бўляпти”, деди Бекзод Акбаров.
Акбаров бу ишни ким қилганини билмаслиги, бу пайтда у ишда экани, аммо ўша куни кимдир уйига келганию эшик қўнғироғини асабий чалгани ва бу эшикдаги камераларга муҳрланиб қолганини айтмоқда.
Фуқаронинг шахсий уйига осилган баннерни олиб ташлашга кимнинг ҳаққи бор?
Жорий йилнинг 6 март куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарган Бахтиёр Раҳмонов Бектемир, Сергели, Учтепа ва Янгиҳаёт туманларида яшовчи фуқаролар мурожаатидан келиб чиқиб, маҳаллаларда турли соҳалардаги мавжуд муаммо ва камчиликлар жойига чиққан ҳолда секторлар кесимида ўрганилиб, таҳлил қилинган ҳужжатга имзо чеккан.
Мазкур ҳужжат QALAMPIR.UZ’га етиб келди.
Ҳужжатда турли долзарб муаммолар келтирилган бўлиб, улар қаторида Бекзод Акбаровнинг масаласи ҳам бор. Яъни Янгиҳаёт тумани “Марҳамат” МФЙ 9-қурилиш ҳудудида яшовчи ушбу фуқаро “Стоп тутун” Telegram канали очиб атрофдагилар, таниш-билишлар ва обуначилар орасида норозилик келтириб чиқараётган экан. Бундан кўриниб турибдики, ҳокимлик муаммони ҳал қилиш учун баннерни олиб ташлаган бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳужжатда кўп қаватли уйларда жойлашган мўриларниннг нотўғри ўрнатилиши ва зарарли ис газининг чиқиб кетмаётгани ўлим ҳолатларига сабаб бўлаётгани ҳақида ҳам ёзилган.
Дарҳақиқат, статистик рақамларга эътибор берилса, Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиб, вафот этаётганларнинг асосий қисми кўп квартирали уйларда яшовчиларга тўғри келади.
Бу ҳақда 2022 йил 24 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йигирма олтинчи ялпи мажлиси олдидан бўлиб ўтган йиғилишда гап борган.
Унда 2022 йилнинг дастлабки беш ойидаёқ ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлгани, натижада 366 нафар фуқаро вафот этгани ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатлангани айтилган эди. Шунингдек, хабарда ис газининг чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар асосан кўп квартирали уйларда юзага келаётгани ҳам алоҳида ёзилган эди.
Ахир, шунинг ўзи Ўзбекистонда кўп квартирали уйларни қуришда ва айнан заҳарли, зарарли тутун ва газларнинг чиқиб кетишига мўлжалланган дудбўронларни ўрнатишда қандайдир хато кетаётганидан дарак эмасми?
Биз Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан боғландик ва нима учун биз кўтариб чиққан муаммо юзасидан муносабат берилмаётганининг сабабига қизиқдик.
Вазирлик матбуот котиби эса бу муаммо юзасидан муносабатни “Ўзшаҳар қурилиш инвест” МЧЖдан олишимиз кераклигини айтиб, масъулиятни ўз бўйнидан соқит қилишга уринди.
Ўзбекистондаги қурилиш нормалари бошқа мамлакатларникидан анча мукаммал экани билан кериладиган вазирлик нима учун санитария қоида ва нормаларига умуман мос келмайдиган кўп қаватли уйларни қуриш учун 12-протоколга имзо чеккан?
Афсуски, жуда кўплаб янги турур-жойлар қурилиш вазирлигининг розилиги билан имзоланаётган шундай баённомалар асосида бугунги кунга қадар қурилиб келинмоқда.
“Ўзшаҳарқурилишинвест” давлат иштирокидаги МЧЖ эса ҳолат бўйича судда иш кўриб чиқилгани ва ҳеч қандай ноқонуний иш аниқланмаганини бизга эслатди.
“Суд мажлисида жавобгар “Ўзшаҳар қурилиш инвест” МЧЖнинг ишончли вакиллари З.Ўроқов ва Л.Умурзоқовлар ўз кўрсатмасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3350-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, аҳолига арзон уй-жойларни қуриш ва топшириш учун чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда кўп қаватли уйларни ҳар бир хонадонини марказлашмаган ҳолда иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш учун табиий газ ёқилғисида ишлайдиган индивидуал иситиш қозонлари ўрнатилгани, ушбу иситиш қозонларини ишлаб чиқарувчи томонидан герметик ис гази мўриси ўрнатилгани ва умумий дудмўрига уланиши мумкин эмаслиги, айнан даъвогар яшайдиган ҳудуддаги аҳолига арзонлаштирилган уй-жойларни қуриш мақсадида мазкур техникадан фойдаланилгани, объектларни аҳолига топширишдан аввал давлат органлари назоратидан ўтказилгани, шу билан бирга иситиш қозонидан чиқадиган ис газининг миқдори унинг атроф-муҳитга таъсирини аниқлаш учун Санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан бир неча марта текширув олиб борилгани, лекин санитария қоидаларига зид ҳолат аниқланмагани, қурилиш объектлари топширилганидан бери бошқа яшовчилар томонидан эътирозлар келиб тушмаганини маълум қилиб, даъво аризасини рад этишни сўради”, дейилади фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судининг ҳал қилув қарорида. Шу ва ундан юқори турувчи барча судлар фуқаронинг даъво аризасини қаноатлантирмаган.
Биз эса суриштирувимиз давомида Республика Санитария ва эпидемиология қўмитасининг узоқ йиллик тажрибали масъулидан интервью олган эдик ва у дудбўронлар уйнинг фасад қисмига ўрнатилиши амалдаги санитария нормаларига тўғри келмаслигини айтганди ҳам.
12-протокол имзоланишида илова қилинган санитария текшируви ҳужжатларида эса англашилмовчилик юзага келган.
“Амалдаги 0350-17-сон СанҚваН талабларига мувофиқ, кўп қаватли биноларда тутун чиқарувчи мўрилар бино томидан 1,5 метр баландликда бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг 2018 йил 24 октябрда 04-11б/5044-сонли хатида берилган хулоса эса текширувлар ўтказилган хонадонларнинг ошхоналарига тегишли, холос.
Кўп қаватли уйлар хонадонларида индивидуал иситиш қозонлари дудбўронларини (мўрисини) ўрнатиш санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланмаслиги сабабли ушбу талаблар техник-ҳужжатларда (ШНҚ, ҚМҚ) акс эттирилган бўлиши лозим”, дейди Санитария-эпидемиология ва жамоат хавфсизлиги қўмитаси бош мутахассиси Жуман Тўйчиев.
“Ўзшаҳарқурилишинвест” давлат иштирокидаги корхона матбуот котибининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, бу тажриба Туркия, Корея, Япония тажрибасидан олинган ва бошқа кўплаб ривожланган мамлакатларда ҳам дудбўронлар шундай ҳолатда ўрнатилган.
“Агар Бекзод Акбаров ҳақиқатдан ҳам 3 йилдан буён заҳарланаётган бўлса, унда нега бу уйини сотиб бошқа жойдан, эски уйлардан олмаяпти. Менимча, соғликни ўйлаган инсон энг аввало шу йўлни тутиши керак эмасми?” дейди корхонанинг матбуот котиби.
Ҳа, муаммони ҳал қилиш, унга ечим топишдан кўра, муаммодан қочиш энг қулай усул. Лекин мурожаатчи Бекзод Акбаровнинг айтишича, муаммолардан қочишга масъуллар ўрганган, фуқароларга эса ечим керак.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь