Сайловга 30 кун қолди. Пойтахтдаги 20 дан ортиқ сайлов участкаларида комиссиялар тузилмаган

Жамият 1197
image

Бугун, 22 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашларига сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Элбек Шукуровнинг  қайд этишича, сайловга тайёргарлик ҳолатини ўрганиш мақсадида 272 нафар турли соҳа вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилган.  Ушбу Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан 14-15 ноябрь кунлари пойтахтимизда ташкил этилган 893 та участка сайлов комиссиялари ўрганиб чиқилган. 

Ўрганиш натижаларига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрида сайловга тайёргарликда айрим камчиликлар кузатилмоқда. Жумладан, ҳозирга қадар 20 дан ортиқ сайлов участкаларида комиссиялар тузилмаган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 22-моддасига кўра, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.

Йиғилишда бўлажак сайловларга тайёргарлик юзасидан қатор масалалар кўриб чиқилган ва барча масъулларга ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни тез фурсатларда бартараф этиш, хусусан, сайлов участкаларини талаб даражасида жиҳозлаш, уларда интернет узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда 5 кун муддатда сайловчиларнинг электрон рўйхатини тўлиқ шакллантириш топшириғи берилган. 

Сайловларга тайёргарлик масаласида камчиликка йўл қўйган мутасаддиларга тегишли тартибда чоралар кўрилган. 

Дарвоқе, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати ўзи тарқатган хабардан 20 дан ортиқ сайлов участкаларида комиссиялар тузилмагани билан боғлиқ жумлани олиб ташлади. Бу панада сақланиши керак бўлган хабар чоғи...

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 3.3
t
×
×