Саудиядаги Қуръон мусобақасида самарқандлик қори ғолиб бўлгани ростми? Изоҳ берилди
Жамият
−
20 Июль 2023
31002Ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистонида ўтказилган Қуръон мусобақасида самарқандлик қори биринчи ўринни эгаллаб, бош соврин 800 минг АҚШ доллари соҳиби бўлгани айтилган хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу маълумотлар асоссиз бўлиб, айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари фейк хабар тарқатиш орқали кенг жамоатчиликни чалғитишга уринмоқда.
Маълумотлар ўрганилганда, жорий йилнинг 7 апрель куни Саудия Арабистонида Қуръон ва азон мусобақаси бўлиб ўтгани ва унда аслида Эрон давлати фуқароси Юнус Шоҳмуродий тиловат йўналишида 1-ўринни қўлга киритгани маълум бўлган. Шунингдек, кенг тарқалган Қуръон қироати акс этган видеолавҳа ҳам айнан ушбу эронлик қорига тегишли экани ўз тасдиғини топган.
Билдирилишича, асоссиз, ёлғон ва ҳақиқатдан йироқ бўлган хабарларни улашиш ва одамларни асл вазиятдан чалғитиш Ислом динида гуноҳи кабира ва амалдаги қонунчиликда эса жавобгарликка сабаб бўлади.
“Ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай хабарларни тарқатиш, оммага етказишда ҳушёрликни ошириш, аввало, маълумотлар аниқлиги, ишончлиги ва расмий манбадан олинганига катта эътибор қаратишни алоҳида таъкидлаймиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси