Саудия хорижликлар учун Ҳаж зиёратини бекор қилди

Олам 4357
image

Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус пандемияси сабаб жорий йилда хорижликларнинг Макка ва Мадинада Ҳаж зиёратини амалга оширишига рухсат бермади. Ҳаж зиёратини қиролликда бўлиб турган чекланган миқдордаги мусулмонлар амалга оширади. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра бўйича вазирлиги маълум қилди.

“Коронавирус пандемияси ва бу вируснинг кўп сонли одамлар тўпланганида келтириб чиқарувчи хавфини инобатга олиб, мусулмон календари бўйича 1441 йилда Ҳаж қиролликда бўлиб турган чекланган миқдордаги турли миллат вакиллари иштирокида амалга оширилади”, дейилган вазирлик хабарида.

Макка ҳудуди коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бораётгани сабабли ҳамон мустақил ҳаракатланиш учун ёпиқ.

Саудия Арабистони араб давлатлари орасида коронавирусга чалиниш бўйича биринчи ўринда турибди. Мамлакатда 161 мингдан ортиқ одамда вирус аниқланган. Пандемия бошлангандан бери 1 307 киши вафот этган ва 105 минг киши соғайган.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ҳукумати короновирус пандемияси туфайли жорий йилнинг февраль ойи охирларида Умра зиёратчиларини қабул қилишни тўхтатиб қўйди. Ўзбекистон апрель ойида Ҳаж зиёратига тайёргарликни тўхтатганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 94
Рейтинг: 3.1
t
×