Саудия истаса, ўз ҳудудида Фаластин давлатини яратсин – Нетаньяху
Олам
−
07 Февраль
14273Исроил Фаластин давлатини яратиш шарти билан ҳеч бир давлат билан муносабатларни нормаллаштиришни қабул қилмайди. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ар-Риёднинг Фаластин давлатини яратиш шарти билан Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотини шарҳлаб, “Channel 14” телеканалига маълум қилди.
“Агар Фаластин давлатини яратмоқчи бўлсалар, Саудия Арабистонида ҳам тузишлари мумкин. Уларнинг катта ҳудудлари бор” деди Исроил ҳукумати раҳбари.
Нетаньяхунинг таъкидлашича, Тель-Авив Фаластин давлатини яратишга рози бўлмайди, чунки бу “ҲАМАС учун ғалаба ва Исроил учун мағлубият” бўлади.
“Исроил давлатни хавф остига қўядиган ҳеч қандай келишувни имзолашга рози бўлмайди”, деб таъкидлади Нетаньяху.
Қайд этиш жоиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш шарти сифатида Фаластин давлатини яратишни рад этганини айтганди. Орадан кўп ўтмай Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Оқ уй раҳбарининг баёнотини рад этди.
“Саудия Арабистонининг Фаластин давлатини барпо этиш бўйича позицияси қатъий ва ўзгармасдир, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳам буни ҳеч қандай шароитда изоҳлашга ўрин қолдирмасдан, аниқ ва равшан тарзда тасдиқлади”, дейилади Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп АҚШ Ғазо сектори назоратини ва минтақадаги тиклаш ишларини ўз зиммасига олишини, шунингдек, уни бутун дунё учун “Яқин Шарқ ривейрасига” айлантиришини айтганди. Шунингдек, у ҳозирги Ғазо секторини “вайрона майдон” деб атаб, унинг аҳолисига бошқа давлатларга, масалан, Иордания ёки Мисрга доимий равишда кўчиб кетишни таклиф қилган. Бу таклифни Миср, Иордания, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Фаластин маъмурияти ва Араб давлатлари лигаси вакиллари рад этиб, бундай ҳаракат минтақадаги барқарорликка таҳдид солиши, низоларни кучайтириши ва тинчлик имкониятларини заифлаштиришини таъкидлаган. Шунингдек, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу таклифга жавобан исроилликларни Гренландияга жўнатишни таклиф қилган.
LiveБарчаси