Саудия бошлиқ коалиция Ямандаги ҳарбий операцияни тўхтатди
Олам
−
30 Март 2022
6267Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси қўмондонлиги Ямандаги ҳарбий амалиётлар тўхтатилганини эълон қилди. Иттифоқчилар баёнотини Саудиянинг SPA ахборот агентлиги тарқатди.
Коалиция муборак Рамазон ойида Яманда тинчлик ўрнатиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун ўтказиладиган музокараларда муваффақиятга эришиш мақсадид ижобий муҳит шакллантириш учун шундай қарор келган.
“Коалиция қўшма кучлари қўмондонлиги Яман инқирозини тугатиш учун кенг қамровли ва барқарор сиёсий ечимга эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш йўлида чоршанба куни эрталаб соат 06:00 дан Ямандаги ҳарбий амалиётлар тўхтатилганини эълон қилади” дейилади баёнотда.
Кеча, 29 март куни Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Наиф ал-Ҳажраф Яман можаросида иштирок этаётган томонларни ва Яман ҳукуматини қўллаб-қувватловчи коалицияни чоршанба куни Саудия Арабистони пойтахтида музокаралар бошланиши муносабати билан урушни тўхтатишга чақирди.
Аввалроқ кенгаш Ямандаги можаронинг барча томонларини, жумладан, Яман шимолидаги ҳукмрон “Ансоруллоҳ” (ҳусийлар) ҳаракатини бир ҳафта давоида Ар-Риёдда бўлиб ўтадиган музокараларда иштирок этишга таклиф қилган, бироқ улар бундай қадамни рад этишган. Ҳусийлар музокаралар ўтказиш ғоясини “ижобий” деб атаган бўлса-да, подшоҳликни можаро тарафларидан бири деб билади.
Эслатиб ўтамиз, Яман ҳусий исёнчилари Саудия Арабистонига ҳужум қилгандан сўнг, жорий йилнинг 26 март куни Ар-Риёд бошчилигидаги араб мамлакатлари коалицияси ўз нефть иншоотларига ҳужумларни тўхтатиш учун ҳарбий операция бошланганини эълон қилганди.
Маълумот ўрнида, Яманда 2014 йил август ойидан бери ҳукумат кучлари ва ҳусийлар ўртасидаги қуролли қарама-қаршилик давом этмоқда. 2015 йилдан бери Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари бошчилигидаги араб коалицияси ҳукумат томонида жанг қилмоқда. Хусусан, БАА Ямандаги ҳарбий амалиётларда иштирок этишни тўхтатганини эълон қилганига қарамай, улар Яман портларида яратган ҳарбий базаларида ўз ҳарбийларини қолдирган.
LiveБарчаси