Саудия Арабистонида карантин жаримасининг қиймати кескин оширилди
Олам
−
08 Май 2020
7117Саудия ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши кураш учун жорий этилган чекловларнинг бажарилишини назорат қилувчи махсус полиция бўлинмасини ташкил этишга қарор қилди. Бу ҳақда қироллик янгиликлари агентлиги хабар бермоқда.
“Полиция карантин тадбирларининг бажарилишини назорат қилади ва бешдан ортиқ кишининг йиғилишига тўсқинлик қилади. Жамоат ва хусусий жойларда, шу жумладан, бир оиланинг аъзоларидан иборат бўлган уйлар ва дўконларда йиғилишлар тақиқланади. Қоидабузарлар 100 минг риал (27 минг доллар) миқдорида жарима билан жазоланади”, дейилади хабарда.
Саудия Арабистонида коронавирус билан касалланиш сони тез суръатлар билан ўсишда давом этмоқда ва араб дунёсида энг катта кўрсаткичга эга ҳисобланади. Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 7 май куни пандемия бошланганидан бери касалланганларнинг умумий сони 33,7 минг кишидан ошди. Кунига 1793 янги инфекция ҳолати аниқланди. Вафот этганлар сони 219 нафарга етди. 7 798 бемор соғайишга муваффақ бўлди.
Саудия ҳукумати карантин чоралари кўрилмаса, коронавирус билан оғриган беморларнинг сони 200 мингдан ошиши ва соғлиқни сақлаш тизими беморлар билан ишлашни уддалай олмаслигини маълум қилди.