Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш шартини айтди

Олам

image

Саудия Арабистони Фаластин давлатини тан олиб, Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетсагина, яҳудий давлати билан дипломатик муносабатларни нормаллаштиради. Бу ҳақда Қироллик Ташқи ишлар вазирлигининг Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотида айтилди

“Қироллик АҚШ маъмурияти билан 1967 йилдаги чегаралари ва пойтахти Шарқий Қуддусга эга бўлган мустақил Фаластин давлатини тан олмасдан, шунингдек, Исроил тажовузини тўхтатиб, барча ишғол қилувчи кучларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетмасдан туриб, Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатилмаслиги ҳақидаги қатъий позициясини муҳокама қилди”, дейилади ҳужжатда.

Қайд этиш жоизки, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 5 февраль куни Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашган. Улар Ғазо секторига шошилинч инсонпарварлик ёрдамини кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилган.

"Биз можаронинг янада тарқалишининг олдини олиш учун минтақада дипломатия билан шуғулланишда давом этамиз", деб ёзган Блинкен X'даги саҳифасида.

Маълумот учун, Исроил томони АҚШ воситачилигида 2020 йилнинг сентябрь ойида Вашингтонда БАА ва Баҳрайн билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича ҳужжатларни имзолаган. Уч томонлама битим Иброҳим келишуви деб номланган. Кейинчалик, Судан ва Марокаш яҳудий давлати билан муносабатларни нормаллаштиришни эълон қилди. Бунгача Исроил араб давлатлари орасида фақат Миср ва Иордания билан дипломатик алоқаларга эга эди.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд 2023 йилнинг сентябрида “Fox News” телеканалига берган интервьюсида қироллик Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга ҳар куни яқинлашиб бораётганини айтган. Қироллик Сармоя вазири Холид бин Абдулазиз ал-Фалаҳ эса ноябрь ойида Ғазо секторидаги воқеаларга қарамай, Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш масаласи ҳамон кун тартибида эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумидаги панел муҳокамаси чоғида Яқин Шарқ ва ундан ташқаридаги араб давлатлари Исроил билан муносабат ўрнатишга тайёр эканини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Саудия Арабистони Фаластин Исроил Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг