Саудия Араб денгизига ҳарбий-денгиз кучларини жойлаштирди

Олам

image

Саудия Арабистони Яман атрофидаги вазият кескинлашгани фонида Араб денгизига ҳарбий-денгиз кучларини жойлаштирди. Бу ҳақда бугун, 2 январь куни Араб коалицияси вакили, генерал-майор Турки ал-Маликий маълум қилди.

Ҳозирда Яманда подшоҳлик томонидан қўллаб-қувватланаётган Раҳбарлик президент кенгаши раиси томонидаги кучлар билан жанубий бўлинмалар ўртасида жанглар давом этмоқда.

“Саудия Арабистони ҳарбий-денгиз кучларини Араб денгизига жойлаштириш ишларини якунлади. Ушбу кучлар Араб денгизида текширув ва контрабандага қарши операциялар олиб боради”, дейди у.

Қайд этиш жоиз, бугун, 2 декабрь куни эрталаб Ҳадрамаут вилояти губернатори декабрь бошида Жанубий ўтиш кенгаши (ЖЎК) кучлари томонидан эгаллаб олинган ҳарбий лагерларни яна ҳукумат назоратига қайтариш бўйича операция бошланганини эълон қилган. Ушбу операцияни Саудия Арабистони қўллаб-қувватламоқда. Бунгача Ар-Риёд ЖЎКни шарқий вилоятлардан ўз қўшинларини олиб чиқишга ҳам чақирган.

2025 йил 30 декабрь куни эса Раҳбарлик президент кенгаши раиси Рашад ал-Алимий Бирлашган Араб Амирликларини Ямандаги иттифоқчиларига Ҳадрамаут ва Ал-Маҳра вилоятлари устидан назоратни қўлга олиш буйруғини берганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатни бўлиб ташлаш мақсадида амалга оширилган. Ал-Алимий, шунингдек, БАА билан қўшма мудофаа тўғрисидаги келишувни бекор қилишни ва уларнинг қўшинларини 24 соат ичида олиб чиқишни буюрган. Бу талабларни Саудия Арабистони ҳам қўллаб-қувватлади. Саудия Мукалла портига Амирликлардан етиб борган ҳарбий юкни бомбардимон қилиб, БААни жанубий кучларни қуроллантиришда айблади. Бироқ Амирликлар бу айбловларни рад этди ва қўшинларни олиб чиқишга рози бўлди.

Декабрь бошидан буён Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумат назоратидаги ҳудудларида фаолият юритаётган коллектив бошқарув органи – Раҳбарлик президент кенгаши ички инқироз ҳолатида қолмоқда. Бу инқироз кенгаш раиси Рашад ал-Алимий билан кенгаш аъзоси, Жанубий ўтиш кенгашига раҳбарлик қилаётган Айдарус аз-Зубайдий ўртасидаги можаро сабаб юзага келган. Инқироз шарқий Ямандаги Ҳадрамаут ва Ал-Маҳра вилоятларининг жанубий кучлар томонидан эгаллаб олиниши фонида юз берди. Бу жараён 1990 йилда Яманнинг бирлашувидан аввал мамлакат жанубида мавжуд бўлган давлатни қайта тиклашга қаратилган уринишлар билан боғлиқ.

Жанубий ўтиш кенгаши 1990 йил 22 май куни шимол билан бирлашиб, Яман Республикасини ташкил этган Жанубий Яман ҳудудида аввал мавжуд бўлган Яман Халқ Демократик Республикасини тиклашни талаб қилмоқда. Улар бу талабни 1994 йилги фуқаролар урушидан сўнг жанубий вилоятлар аҳолиси шимол томонидан адолатсизлик ва зулмга учрагани билан изоҳлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Яман ҳарбий-денгиз кучлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг