“Сариқ” ҳудудларда яна бир фаолият турига рухсат берилиши мумкин
Жамият
−
18 Июнь 2020
9139Республика махсус комиссиясига “сариқ” ҳудудларда ҳам санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув марказлари фаолиятини ташкил этиш бўйича таклиф киритилди. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова маълум қилди.
“Ҳозирда олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари бошланаётгани ва абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида “сариқ” ҳудудларда ҳам санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув марказлари фаолиятини ташкил этиш бўйича Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Республика махсус комиссиясига таклиф киритилган”, деди АОКА штабида ўтказилган брифингда Феруза Мадраҳимова.
Маълум қилинишича, комиссиянинг “сариқ” ҳудудлардаги ўқув марказларида таълим жараёнларини давом эттириш бўйича тегишли қарори қабул қилингандан сўнг, буни ташкил этиш мумкин бўлади. Ҳозирги пайтда “сариқ” ва “қизил” ҳудудлардаги ўқув марказларларида масофавий таълим ташкил этишни тавсия қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнь ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан киритилган таклифлар, беморларни бутунлай соғайиши ҳамда эпидемик вазиятни эътиборга олган ҳолда, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан туман (шаҳар)ларнинг тоифаларини ўзгартирилди.
LiveБарчаси