Сардор Умурзоқов Ҳаж зиёратига борди
Жамият
−
14 Июнь
416652023 йилнинг августидан буён умуман Президент Администрацияси таркибида ва Ҳукуматда кўриниш бермаётган собиқ Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов айни вақтда Ҳаж амалларини бажармоқда. Унинг Макка шаҳрида тушган сурати ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
У бошқа ўзбекистонлик зиёратчилар қаторида “Al Ayam Elite” меҳмонхонасига жойлашган ва “Оддий одамлар қатори Ҳаж амалини бажаргани келдим”, деган.
Умурзоқовни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси – муфтий Нуриддин Холиқназаров кутиб олгани айтилмоқда.
Сардор Умурзоқов Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб юрган кезлари – 2023 йилнинг июль ойида Президент Шавкат Мирзиёевга Умра амалларини бажаришда ҳамроҳлик қилганди.
2022 йилнинг 16 июль куни давлат раҳбари фармони билан Президент Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланган Умурзоқов 2023 йилнинг 17 август куни ишдан олинди. У нима учун бу лавозимдан четлатилгани сабаблари очиқланмади, аммо унинг кетиши ортидан Президент Администрацияси раҳбари лавозими ҳам тугатилди.
Умурзоқов эса ишсиз қолгани йўқ. У шу куннинг ўзида Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Аммо у шундан кейин жамоатчиликка кўриниш бермади.