“Сардоба фожиаси"да уйсиз қолган 1300 дан ортиқ фуқаро ҳамон мактабларда яшамоқда
Жамият
−
05 Сентябрь 2020
7761Жорий йилнинг май ойи бошида содир бўлган Сардоба фожиасида уйларидан айрилган аҳолининг яна 1300 дан ортиғи ҳамон 13 та муассаса, шу жумладан, 6 та умумтаълим мактабида яшаб келмоқда. Шу боис бу мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш кечиқмоқда. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг сайёр мажлисида сўз борди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда “Сардоба” сув омборининг ёрилиши оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Парламент юқори палатасига “Сардоба” сув омборидан сув тошиши оқибатида талофат кўрган фуқаролардан кўплаб мурожаатлар йўлланган. Улар сенаторлар томонидан жойига чиқиб кўрилган.
Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш давомида муаммо ва камчиликлар аниқлангани инобатга олиниб, биринчи маротаба Сенат Кенгашининг сайёр мажлисини ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Қайд этилишича, жами 175 та тадбиркорлик субъектидан 32 тасига етказилган зарар миқдори 9,1 млрд сўм деб аниқланган бўлса-да, қолган 143 та тадбиркорнинг мол-мулкига етказилган зарар миқдори бўйича аниқ ҳисоб-китоблар амалга оширилмаган ва зарарни қоплаш бўйича ҳеч қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмаган.
Қолаверса, умумтаълим объектларини таъмирлаш, тиклаш ва қайта қуриш ишлари белгиланган муддатларда амалга оширилмаган. Уй-жойсиз қолган 1 308 нафар фуқаро ҳозирги кунгача 13 та муассаса, шу жумладан, 6 та умумтаълим мактабида яшаётганлиги сабабли мазкур таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш ишлари кечикмоқда.
Яна бир жиҳат, ирригация-мелиорация объектларини тиклаш ишлари бўйича молиялаштириш ишлари якунига етказилмаган. Айрим қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича етказилган зарарни қоплаш ишлари етарли даражада бажарилмаган.
Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида талафот кўрган 54 та фермер хўжалигининг 4 204 гектар пахта ва ғалла майдонларига экинларни қайта экиш учун суғурталанмаган 9,5 млрд сўмлик зарарни қоплаш масаласи ҳал этилмаган. Бундан ташқари, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик йўналишларида ҳам шу каби муаммолар ўз ечимини кутмоқда.
Шу билан бирга, мажлисда ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари суст олиб борилаётгани таъкидланди. Мазкур йўналишда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди.
Қайд этилганидек, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида Сардоба туманида амалга оширилиши кўзда тутилган 275 млн сўмлик 3 та, Мирзаобод туманида қиймати 260 млн сўмлик 8 та лойиҳа тегишли мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги сабабли бажарилмаган ва ёшлар учун мўлжалланган янги иш ўринлари яратилмаган. 186 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида эмас.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари ҳам етарли даражада ташкил қилинмаган, 11 та маҳалладаги вақтинчалик ишсиз қолган ва хориждан қайтиб келган 4 325 нафар ишсиз фуқаронинг 31 фоизи ишга жойлаштирилган.
Шунингдек, мажлисда Сирдарё вилоятида юз берган техноген ҳолат оқибатида жабр кўрган фуқаролар муаммоларини яна бир бор ҳукумат даражасида Ишчи гуруҳ ташкил қилган ҳолда пухта ўрганиш зарурлиги, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат комиссиясига таклиф киритиш лозимлиги таъкидланди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
LiveБарчаси