Санкциялар эффекти: Россиянинг йирик юк кемаси Ла-Маншда ҳибсга олинди
Олам
−
26 Февраль 2022
18331Россиянинг Украинага босқини ортидан АҚШ ва ғарбнинг Москвага киритган санкциялари юқори натижаларини кўрсатишни бошлади. Бугун, 26 февраль куни Ла-Манш бўғозида Россиянинг “Baltic Leader” юк кемаси қўлга олинди. Кемани ушлаб туриш тўғрисидаги қарор Франция Бош вазири ҳузуридаги Денгиз ишлари бўйича Бош котибиятда қабул қилинган.
АҚШ санкциялари остида қолган кема Булонь-сюр-Мер коммунаси портига жўнатилган, деб хабар бермоқда AFP ахборот агентлиги.
"Элчихонага Россия юк кемаси капитанидан фавқулодда қўнғироқ келиб тушди, у кема Франция ҳукумати томонидан Ла-Манш бўғозида ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Элчихонанинг консуллик бўлими зудлик билан Франция ҳукумати билан боғланиб, бу масалага аниқлик киритди. Натижалар кейинроқ маълум қилинади”, дейди Россиянинг Париждаги элчихонаси матбуот хизмати раҳбари Александр Макогонов.
Кема экипажига қирғоққа чиқишга рухсат берилган, кеманинг кейинги тақдири судда ҳал қилинади. Бортда 19 киши бўлган.
Қайд этилишича, кемада янги автомобиллар олиб кетилаётган бўлган. Ла-Манш ва Шимолий денгизнинг денгиз префектурасига кўра, кема “санкцияларга дучор бўлган Россия манфаатлари билан боғлиқ бўлиши” мумкин.
Франция оммавий ахборот воситаларига кўра, кема АҚШ санкциялари рўйхатига кирган Промсвязьбанкнинг шўъба корхонаси PSB Leasing компаниясига тегишли. Шунингдек, 12 апрелдан бошлаб ушбу компанияга нисбатан Европа иттифоқи томонидан чекловлар кучга кириши керак.
“Элчихона Франция ТИВга норозилик нотаси юборади ва россиялик денгизчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўради”, дея қўшимча қилган Макогонов.
Таъкидланишича, Франция томони кеманинг ушлаб турилишини божхона ҳужжатлари билан боғлаган. Макогоновнинг сўзларига кўра, Франция ҳукумати кема ҳужжатлари билан қизиққан.
Маълумот учун, Ла-Манш – Франция қирғоқлари ва Буюк Британия ороли орасидаги бўғоз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь