Санкт-Петербургдан бир ҳафта ичида 400 дан ортиқ мигрант депортация қилинди
Олам
−
31 Март
8102Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги туман судлари миграция қонунчилигини бузгани учун 400 дан ортиқ муҳожирни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди. Бу ҳақда шаҳар судлари матбуот хизмати раҳбари Даря Лебедева маълум қилди.
25 мартдан 29 мартгача бўлган ҳафтада туман судларига Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси (чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Россия Федерациясига кириш қоидаларини ёки Россия Федерациясида бўлиш режимини бузиш) даги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича 584 га яқин материаллар келиб тушган.
“584 та ишнинг 515 таси суд томонидан кўриб чиқилди. Суд қарорлари: 418 нафар қоидабузарга республика ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш ва жарима тайинлаган. Яна 48 киши жарима тўлаб, ўзлари Россия Федерациясини тарк этиши керак”, дейди Лебедева.
Тожикистон Меҳнат вазири ўринбосари Шаҳноза Нодирий кеча, 30 март куни ТАСС агентлигига берган интервьюсида “Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан сўнг Россиядан меҳнат муҳожирларининг кетиши бошланганини айтди. 2023 йил декабрь ойида Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири борлигини маълум қилган.
Терактдан сўнг айрим сиёсатчилар муҳожирларга қарши қонунчиликни кучайтириш ташаббусларини кўтара бошлади. Давлат Думасининг “Янги одамлар” партиясидан чиққан вице-спикери Владислав Даванков ўзининг Телеграм-каналида мигрантларни “кичик қонунбузарлик” учун депортация қилишни, шунингдек, улар устидан рақамли назоратни жорий қилишни таклиф қилди.
LiveБарчаси