Санкт-Петербургда 4 аёлни қутқарган ўзбекистонликка пул йиғиб берилди

Олам

image

Аввалроқ, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшаб, фаррошлик қиладиган ўзбекистонлик мигрант ёнғин пайтида бир нечта аёлларни қутқариб, қаҳрамонга айлангани ҳақида хабар бергандик. Шундан сўнг шаҳар аҳолиси ўзбекистонлик Олимжон Иброҳимовга 36 минг рубль йиғиб берди. Бу ҳақда “Газета.ру” хабар берди.

Қайд этилишича, “Черный список Питер” гуруҳи аъзолари Олимжон Иброҳимовга 11 минг рубль берган, яна 25 минг рублни Коломна (ёнғин содир бўлган жойдан унча узоқ бўлмаган Адмиралтей туманидаги тарихий округ) аҳолиси йиғиб берган.

Маълумот учун, 27 апрель куни шаҳарнинг Адмиралтей тумани маъмурияти раҳбари Сергей Оверчук миннатдорлик белгиси сифатида Олимжон Иброҳимовга расм совға қилган.

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонасида ҳам Олимжон Иброҳимов билан учрашув бўлиб ўтган. Мулоқот чоғида Иброҳимов воқеа тафсилотларини сўзлаб берган. Унинг айтишича, 25 апрель куни эрталаб у ўз участкасини режали кўздан кечириш чоғида 39-уйда ёнғин содир бўлганини аниқлаган ва ўт ўчирувчиларга хабар қилган. 

"Хонадондаги аҳолининг қичқириғини эшитиб, эшикдан кириш имкони бўлмагани учун қувур орқали аланга ичида қолганларга ёрдам беришга ошиқдим. Тепага кўтарилаётган пайтимда йиқилиб тушишимга сал қолди. Олов ичида қолган тўрт кишини қутқардик. Уларнинг бири қувур орқали ва қолганларини эса ўт ўчириш машинаси зиналари кўмагида пастга олиб тушилди", деб эслайди Олимжон Иброҳимов.

У кўрсатган қаҳрамонликда ҳарбий билимлари асқатган. Иброҳимов Ўзбекистонда Ҳаво-десант қўшинлари сафларида хизмат қилган. 2017 йилдан бери оиласи билан Россияда истиқомат қилади. Унинг икки нафар вояга этган қизи бор.

Олимжон Иброҳимов айтишича, бу ёнғин пайтида одамларни қутқариш бўйича иккинчи ҳолат. Бир йил аввал у Россия шимолидаги Варейская кўчасида содир бўлган ёнғинда аёл кишининг ҳаётини сақлаб қолган.

“Дунё” ахборот агентлигининг ёзишича, суҳбат давомида Бош консулхона ходимлари ва диаспора фаоллари Олимжон Иброҳимовга кўрсатган жасорати учун миннатдорлик билдирган ва эсдалик совғаларини топширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Санкт-Петербург Россия Олимжон Иброҳимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made