Санитария-гигена назорати танг аҳволдами? Сенат Абдулла Ариповга парламент сўрови юборди

Жамият

image

Сенат ялпи мажлисида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш масалалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абудлла Ариповга парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, реализация қилиш, шунингдек, умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи кўплаб тадбиркорлик субъектлари томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

Оқибатда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар аҳоли истеъмолига чиқарилмоқда ва тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида антисанитария ҳолатлари юзага келмоқда.

Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази маълумотларига кўра, 2017-2018 йилларда 114 та ҳолатда 1 минг 190 нафар фуқаро, шундан 222 нафари болалар овқатдан заҳарланиб, 9 нафари вафот этган.

Уюшган жамоаларда гуруҳли овқатдан заҳарланиш 2017 йилда 8 та, 2018 йилда эса 7 та ҳолатда қайд этилган. Шулардан 4 таси мактабгача таълим муассасаларида рўй бериб, 73 нафар бола “Ўткир диарея, дизентерия” инфекцион касаллиги ташхиси билан шифохоналарга ётқизилган.

Сўнгги икки йилда жами 102 мингдан зиёд умумий овқатланиш ва озиқ-овқат савдо объектларидаги ходимларнинг тиббий кўрик дафтарчалари мониторинг қилинганда 54 мингдан ортиқ ишчи тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари вақти-вақти билан зарарсизлантириш (суварак, пашша ва бошқа шу каби ҳашоратларга қарши курашиш) тадбирларини ўтказиш, бунинг учун хўжалик ҳисобидаги дезинфекция станциялари билан шартнома тузиши талаб этилса-да, тадбиркорлар томонидан ушбу масалага умуман эътиборсизлик билан қаралмоқда.

Таҳлиллардан келиб чиқиб, барча, шу жумладан, хусусий тадбиркорлик субъектларига тегишли озиқ-овқат ва умумий овқатланиш жойларида ҳам давлат санитария назоратини исталган вақтда, ҳеч қандай монеликсиз, молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ўтказиш ҳуқуқини бериш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Парламент сўровида кўтарилган масалалар ўта долзарб ва муҳим аҳамиятга эга эканлигини, шунингдек, мазкур масала бевосита фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ эканлигини инобатга олиб, Сенат қарори лойиҳаси маъқулланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов санитария-гигена парламент сўрови

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг