Самурайча ирода ёхуд Иккинчи жаҳон урушида вайрон бўлган Япониянинг “қайта тирилиши”

Таҳлил

image
Мирзиёев коронавирусни енгишда Япония тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатди north_east

Мирзиёев коронавирусни енгишда Япония тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатди

Иккинчи жаҳон уруши Япониянинг қаддини анчайин букди. Йиллар давомида катта урушларда ютиб келган, иродали ва ор-номусли миллатга эга Япония иккинчи жаҳон урушида яксон этилди. “Кўксига” икки марта атом бомбасини қабул қилиб олган давлат (Ҳиросима ва Нагасаки) эндиликда бутунлай оккупацион ҳукумат назорати остида эди. Лекин шунда ҳам кунчиқар давлат мағлубиятини сўзсиз тан олди ва олдига катта марраларни забт этишни қўйди. Урушдан кейин бутун ҳукумат генерал Дуглас Макартур бошқара бошлади. Халқ ундан катта ислоҳотлар амалга оширишини кутарди.

Генерал Макартур ким эди?

АҚШнинг Арканзас штатида дунёга келган Дуглас Макартур ҳаётини ҳарбийликка сарфлаган, армия генерали (энг олий ҳарбий унвонлардан бири) ва Филиппин армияси фельдмаршали эди. Қўшма штатлар армиясида иккала жаҳон уруши, Корея ва бошқа жойлардаги урушларда ном чиқарган офицер бўлганди. Унинг иборалари дунёга машҳур бўлган. Ўтган асрнинг 30-йилларида АҚШнинг Питсбург университети битирувчи талабаларига қарата шу сўзларни айтганди:

“Қани Рим ва Карфаген? Қани Византия? Қани Миср? Улар, улар бир пайтлари буюк давлатлармиди? Ҳеч ким унинг ўлик овозини эшитмаган Корея қани? Улар йиқилди, қулади, ўлди, тупроққа, кулга айланишди. Нега? А? Ҳаммаси бир сабабга кўра – бепарволик, коммунизм, пацифизмга қарши қарши “темир мушт”ни ишлатиш қўрқувидан: тарих шуни исботладики, бир вақтлари ўзларининг миллий мудофаасига бепарво бўлган буюк давлатлар ер юзидан йўқ бўлиб кетишди”. 1955 йилнинг 8 октябрида пенсионер Макартур “The New York Times” газетасига интервью беради.

“Бутун дунё халқлари кейинги сайёралараро кейинги катта уруш учун бирлашиши керак. Ер юзидаги халқлар бир кун келиб ўзга сайёралардан келадиган ҳужумларни қайтариши учун умумий жабҳани яратиши даркор”, деган жумласи ҳамма учун қизиқ туюулганди ўшанда.

АҚШ Японияда мустаҳкам иқтисодий тизим яратиш йўлини танлади. Шеригингнинг кучлилиги урушда доим сенга қўл келади, шиори остида Япония ривожлантирилди. Макартур ҳукумати АҚШдагидек Японияда антитрест қонунларини қўллай бошлади (Президент Теодор Рузвельт даврини эсланг). Дзайбацулар (молиявий кланлар) тарқатилиб юборилди. Уларга қарашли 20 дан ортиқ банк ёпилди. Монополист, милитарист, йирик ер эгалари – феодаллар халқ душмани сифатида кўрила бошлади. Ҳарбий ва сиёсий душманлар қўлга олинди ва қатл этилди. Япония Конституцияси ишлаб чиқилгач, унда эркак ва аёлларнинг ҳуқуқлари тенг қилиб белгиланди. Агрессив сиёсат олиб борган партиялар тугатилди.

1946 йилда Японияда аграр ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳукумат помешчиклардан ер сотиб олиб, деҳқонларга сота бошлади. Ер ислоҳоти деҳқонлар фойдасига ерни қайта тақсимлашга олиб келди. Эндиликда деҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотга ўзлари эгалик қиларди. Ер ислоҳоти бу ҳақиқий инқилоб эди. Унинг ортидан қишлоқ хўжалиги ривожланди, ўғит ишлаб чиқариш жадаллашди, ерга ишлов беришда техникага талаб ортди ва ишлаб чиқариш жонлана бошлади. 1953 йилдаги АҚШ-Япония ўртасида тузилган “Дўстлик, савдо ва денгиз кемалари қатнови тўғрисида”ги битими иккала давлат фуқароларига бир-бирининг ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини берди. Америкалик магнатлар Япония бозорига ўз сармояларини олиб кира бошлади.

АҚШ бозори сифатли, замон талабига жавоб берадиган ва рақобатбардош товарларга очиқ эди. Япония ишлаб чиқарувчилари бу борада ўзини кўрсата олди. Ҳозирда АҚШ импортининг 20 фоиздан ортиғини япон товарлари эгаллаган. Ҳеч бир давлат улар билан рақобат қила олмаяпти. Қирқ йил ичида Японияда тизимли ва тузулмавий ислоҳотлар олиб борилди. Саноат энг сўнгги техникалар билан жиҳозланди. Ҳар бир соҳада энг охирги техника ютуқлари синала бошлади. Япония техникалар давлатига айланди. Четдан “ноу-ҳау”ларнинг импорт қилиниши модернизациялаш жараёнини тезлаштириб юборди. Ҳарбий эҳтиёжлар бир неча баробар қисқартирилгач, маблағ саноатни қайта жиҳозлашга сарфланди. ЯММнинг атиги 1 фоизигина ҳарбий соҳага йўналтириларди, холос.

Автомобилсозлик соҳаси ривожланиши ортидан ўтган асрнинг 60-80 йиллари оралиғида енгил автомобиль ишлаб чиқариш 33 баробар ортди. 80-йилларда автомобилсозликда Япония дунёда биринчи ўринга чиқиб олди. Техниканинг барча турлари ишлаб чиқарила бошлади. Бошқарувнинг роботлашган ёки автоматлашган тури биринчилардан бўлиб жорий қилинди.

Дзайбатсуларнинг “саҳнага қайтиши”

Саноатнинг қайта тикланиши натижасида, 60-йилларга келиб бутунлай йўқ бўлиб кетмаган эски монополияларнинг кучайишига имкон яратди. Япон иқтисодиётида “Мицуи”, “Мицубиши”, “Сумитомо” каби каттак учлик молиявий гуруҳларининг ўрни аввалги мақомига қайта бошлади. Аммо бу орада “Рудзи”, “Динти”, “Санва”дек кичик молиявий олигархлар ҳам пайдо бўлишга улгурганди.

Мисол учун Мицуи молиявий гуруҳини олайлик. Аввалига унинг эгалари Япония сув бўйида жойлашган давлат эканлигини ҳисобга олиб, кемачилик саноатини йўлга қўйишди. Кейинроқ ёқилғи саноати ривожлангач, нефть соҳасига (уни ташиш ва бошқалар) ўзини уришди. Машинасозлик соҳасига талаб ошгач, унга ўтишди. Вақт ўтиб техника, суғурта ва шундай қилиб катта бир корпорацияга айланишди.

Ҳозиргача “япон мўжизаси”нинг сабаби нимада деб сўрашса, унинг асосий сабаби япон халқининг сабри ва меҳнатсеварлигида деб жавоб беришади. Японияни сақлаб олган тизимлардан яна бири бу миллатнинг бирлашуви ҳисобланади. Яъни, ишчи ва иш берувчи орасидаги муносабатнинг шаклланиши. Иш берувчи имкон даражасидан ортиқ қилиб, ўзининг ортиқча эҳтиёжларидан тийилиб, янги иш ўринларини яратади. Ишчи эса у билан меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолгунгача бўлган муддатга шартнома имзолайди. У бу даврда барча қийинчиликларга рози бўлади, итоатли ва тартибли ишлайди. Шунга яраша иш берувчи ҳам даромадларидан келиб чиқиб уларга имкон даражасида шароит яратиб беради. Бу айнан Иккинчи жаҳон урушида синган миллат учун кучли туртки бўлди. Ҳамма ўзини билиб вазифасини бажарарди.

Аммо бу вақтинчалик чора бўлди, холос. Инсон омили эканда, барибир вақти келиб хато қиларкан. Компаниялар ривожлангач, акциядоларнинг даромади ошгани сари улар шахсий эҳтиёжини кўпайтирди. Компанияларни ишга туширган эски авлод эса қарилик гаштини сурарди. 1975-1985 йиллар орасида компанияларнинг даромади 60-70 фоиз ошганда, ишчиларнинг ойлиги атиги 10-12 фоизга оширилган экан. Шундай қилиб корпоратив япон меҳнат тизими кейинчалик йўқ бўлди ва Америкадан кириб келган адолатли меҳнат тизими йўлга қўйила бошлади. Бунда Касаба уюшмаларининг ўрни беқиёс эди.

Кейинчалик унинг ўзгида Япония Касаба уюшмалари Бош Кенгаши ҳам тузилди. Ҳар йили баҳор фаслида улар катта-катта дзайбатсуларгача ўз “ҳужуми”ни амалга оширади. Йил давомида барча ташкилотлардаги ишчи ходимлар шарт-шароити ўрганилади. Хулосалар тайёрланади ва Ҳукуматга юборилади. Улар эса зарур чораларни кўришни бошлайди. Келтирилган ҳуқуқбузарликларни бартараф этишда давлат бюджетига ҳам яхшигина тушум тушади.

90-йилларда дунёдаги жуда кўп давлатларда бўлганидек япон иқтисодиётида ҳам турғунлик даври бошланди. Компанияларнинг акциялари нархи тушиб кетди. Лекин Японияда 80-йилларгача импорт экспортдан юқори бўлди. Аммо 90-йиллардан экспортни импортга нисбатан кескин ошириш чоралари кўрила бошлади. Япония қайси давлатда инқироз юз бераётса, ундан янги бозор сифатида унумли фойдаланиш чораларини кўра бошлади. Лекин инқироз Японияни ҳам четлаб ўтмади. Юз мингдан ортиқ саноат корхоналари банкрот бўлди.

“Абэномика”нинг пайдо бўлиши

Иқтисодий танглик доим сиёсий тангликни келтириб чиқаради. 1995-1996 йилларда Япония либерал-демократик партияси ҳукуматда кескин назоратини кучайтирди. Ўзларини ҳар нарсада устун ҳисоблай бошлади. Мамлакатда коррупция, жиноятчилик кўрсаткичлари кескин ошиб кетди. 2000-йилларда мамлакатда янги сайловлар ўтказилди ва либерал-демократлар партияси ўз мавқеини йўқотди. Японияда олий бошқарувни Бош вазир лавозими бошқаради. Лекин Япония ҳозирги Бош вазир Абэгача бу лавозимга ёлчимаган. Япония Синдзо Абэгача бир нечта Бош вазирларни кўрди. Уларнинг айримлари коррупцияда алмашди, баъзилари бу вазифани адо этолмади. 

Аммо Абэ ўзининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Американинг нуфузли Йель университети профессори Коичи Ҳамада билан “Абэномика”ни қурди. Умуман олганда, Абэнинг иқтисодиётни ўнглашдаги пул сиёсати (йенни вақти-вақти билан девальвация қилиши) янгича йўналиш эмасди. Лекин уни халқаро экспертлар “Абэномика” деб номлади. Бу ўринда барча соҳалар ривожлантирилишни бошлади. 2009-ҳ молиявий йил охирида Япония ялпи ички маҳсулот ҳажми (5 трл доллардан ортиқ) бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқиб олди. Банк хизматлари, суғурта, кўчмас мулк, транспорт, чакана савдо, телекоммуникация ва бошқалар япон иқтисодиёти яхшиланишида муҳим ўрин тутди. Хизматлар соҳаси ҳам жуда яхши йўлга қўйилди. У эндиликда ЯИМнинг тўртдан уч қисмини берарди.

“Forbes Global 2000” 2009 йил рейтингида 288 та компанияси билан Япония дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Бу рўйхатда Toyota, Canon, Honda, Sony, Mitsubishi вф бошқа компаниялар ўрин олганди. 2006 йилда “doing business” (бизнесни юритиш) кўрсаткичлари бўйича 10 ўрингача кўтарилди. Бу орада иқтисодий жиҳатдан нисбатан эркин бўлган катта давлатлар қаторига қўшилди. Япониянинг соҳалардаги асосий ҳамкорлари АҚШ, Хитой, Корея каби давлатлар ҳисобланади. Тўғри, ҳозирга келиб бир неча турдаги иқтисодий кўрсаткичлари бўйича бошқа давлатлар ортда қолаётгандир. Аммо Япония иккинчи жаҳон урушидан кейинги вайронадан мана шундай ҳар тарафлама бақувват давлат кўринишига келди. Бунда асосий хизматни айнан японларнинг ўзи амалга оширди ва япон халқи ҳар қандай миллатга ўрнак бўла оладиган миллат сифатида кўрилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Иккинчи жаҳон уруши Япония Абэ Синдзо Абэ Forbes Global 2000 Абэномика Дзайбатсулар Генерал Макартур Самурай

Баҳолаганлар

185

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг