Самарқанддан топилган, Қуръон оятлари туширилган қабртошлар кимга ва қайси даврга оидлиги аниқланди
Маданият-санъат
−
08 Ноябрь 2021
31944Самарқанд аэропорти яқинида “снос”га тушган ҳудудда олиб борилаётган қазиш ишлари вақтида тупроқ остидан иккита қадимий қабртош топилгани ҳақида хабар берган эдик.
Самарқанднинг STV телеканалининг маълум қилишича, ушбу қабртошлар кимга ва қайси асрга оидлиги аниқланган.
Самарқанд аэропорти директори Саъдулло Тўхтасиновнинг сўзларига кўра, вайроналар остидан учи кўриниб турган қабртошларни дастлаб ушбу ҳудудда навбатчилик қилаётган қўриқчи кўриб қолган.
“У вайроналар остида қабртошга ўхшаш иккита тош кўрганини айтди. У билан биргаликда қабртошлар устини кир-чанг ва чиқиндилардан тозалаганимизда унда арабча ёзув борлигини кўрдик. Шунда бу қадимий қабртош эканини тушундим. Сўнг тегишли мутахассисларга мурожаат қилиб, топилма ҳақида маълумот бердим. Улар шу заҳотиёқ топилма жойига етиб келишди. Тадқиқотларнинг дастлабки соатлариа қабртошлар XVI асрга оидлиги аниқланди”, дейди Саъдулло Тўхтасинов.
Маданий мерос агентлигининг маълум қилишича, аэропорт ҳудудини реконструкция қилиш жараёнида олдинги дала ҳовлилар ўрнида аниқланган қабртошлар Самарқанд археология институти ва Самарқанд давлат университети Тарих факультети ходимлари томонидан бориб ўрганилган.
Ўрганиш жараёнида ўлчами 154х50х34 сантиметрли қабртош оқ мармардан ишлангани аниқланган. Тарихчиларнинг сўзларига кўра, ушбу қабртош 17-аср, Аштархонийлар сулоласининг Имомқулихон ҳукмронлиги даври ва Самарқандда Ялангтўш Баҳодир ҳокимлиги даврида яшаган бой оилага мансуб аёл кишига тегишлидир.
Биринчи қабртошнинг маркази ва ёнларида шаҳодат калимаси ва Оятул Курсий тўлиқ ўйиб ёзилган. Олд томонида “Ҳаза ал-марқад ал-мағфури марҳуми Оқила Биби бинти Сўхий Увайс” деб ёзилган. Тошнинг орқа томонида эса вафот этган санаси — 1651 йил деб ёзилган.
Қора мармар тошдан ишланган иккинчи қабртош ўлчами 116х37х25 сантиметрдир. Тошдп “Ҳазаа марқал ал-мунаввар Биби София бинти Равшан” деб битилган. Қабртошнинг орқа учида: “Фит-тарихи” 1061—1650 йил санаси келтирилган.
Тадқиқот натижасида ҳар икки қабртошдаги оят ва суралар, тош ўймакорлиги бир хиллигини кўрсатган. Мутахассислар ушбу қабртошлар аталган марҳумлар қариндош бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда.
Қабртошлар дастлаб Самарқанд ўлкашунослик музейига олиб келинган. Кейин эса Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан Шоҳизинда қабристонига олиб борилган ва айни пайтда шу ерда сақланмоқда.
LiveБарчаси