Самарқандда “снос”га тушган ҳудуддан қадимий қабртошлар топилди
Маданият-санъат
−
04 Ноябрь 2021
12729Жорий йилнинг 2 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд аэропорти яқинида “снос”га тушган ҳудудда олиб борилаётган қазиш ишлари вақтида тупроқ остидан номаълум артекфакт топилгани ҳақида хабар тарқалганди. Маданий мерос агентлиги Самарқанд шаҳрида топилган қадимий артефакт юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, Самарқанд археология институти ва СамДУ тарих факультети ходимлари шаҳар аэропорти ҳудудини реконструкция қилиш жараёнида топилган артефактларни бориб ўрганишган.
Ўрганиш жараёнида ўлчами 154х50х34 сантиметрли сандиқ шаклидаги қабртош оқ мармардан ишлангани, тошнинг усти ва ён томонида “Бақара” сурасининг 254, 256-оятлари туширилгани маълум бўлган.
Қайд этилишича, қабртошнинг айрим қисмлари яхши сақланмагани сабаб шахснинг дафн этилган вақти ва тўлиқ исм-шарифи ҳақида маълумот олиш мураккаблашмоқда. Дастлабки кўздан кечириш натижасида унда “Оқила биби” деб ёзилгани аниқланган.
Иккинчи қабртош қора мармар тошдан ишланган. Унда ҳижрий 1049 (1659) йил санаси битилган. Ўлчами 116х37х25 сантиметр. Қабртош соҳибининг исми ёзилган томонига шикаст етгани сабабли ҳозирча бу борада маълумот мавжуд эмас.
Қабртошлар Самарқанд ўлкашунослик музейига олиб борилган. Тадқиқот ишлари давом этмоқда.
LiveБарчаси