Самарқанддаги йирик ЙТҲ тафсилотлари очиқланди
Жамият
−
13 Январь 2020
9148Аввалроқ, Самарқандда яхмалак йўлда ўнлаб автомобиллар бир-бирига урилганлиги тўғрисида хабар берган эдик. Самарқанд вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, воқеа бугун, 13 январь куни соат 13:20 атрофида Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 19-километрида содир бўлган.
Воқеа жойига ЙПХ инспекторлари етиб борганда ЙТҲга учраган фақат икки машина қолганлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, “Қарши-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Қозоғистоннинг Олма-ота вилоятида яшовчи 29 ёшли ҳайдовчи С.П. бошқарувидаги Mercedes-Benz юк машинасининг ярим тиркамасини орқа қисмига Қашқадарё вилояти Қамаши туманида яшовчи, 29 ёшли ҳайдовчи Б.Э. бошқарувидаги Nexia-2 автомашинаси олд қисмига урилган.
Оқибатда Nexia-2 ҳайдовчиси ва унинг йўловчилари — 63 ёшли аёл Н.Ҳ., 37 ёшли эркак Қ.Б. ва 15 ёшли қиз Р.Ч. тан жароҳатлари олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига мурожаат қилган.
Ҳайдовчи “ўнг билак соҳасининг синиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Йўловчи Н.Ҳ. “кўкрак қафаси ёпиқ шикастланиши, кўплаб қовурға суякларининг синиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Қолган йўловчилар — Қ.Б. ва Р.Ч.га “баданининг турли соҳалари юмшоқ тўқималари лат ейиши ва шилинмалар” ташхиси қўйилиб, уйига жавоб берилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиб вафот этган шахслар аниқланмаган.
Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Нуробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, 12 январдан 13 январга ўтар кечаси қор ёғиб, ҳаво ҳароратининг пастлиги натижасида йўлнинг қатнов қисмида музлама ҳосил бўлганлиги сабабли юқоридаги корхона томонидан йўлнинг қатнов қисмига музламага қарши инерт материаллар (қум-туз аралашмаси, майда чақилган тош) сепиш учун 4 та MAN, 1 та ЗиЛ русумли юк автомобиллари, 2 та қум сепадиган ва қор курайдиган махсус техника ҳамда 303-сонли йўл бўлими бошлиғи Ф.Ҳакимов раҳбарлигида 18 нафар йўл ишчиси, шунингдек, ушбу йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга 8 та ЙПХ патруль автомашинаси ва 15 нафар ЙПХ инспектори жалб қилинган.
LiveБарчаси