Самарқанддаги ваҳший қотиллик видеосини тарқатганлар қамалди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо дўконида эркак ўз хотини ва унинг танишини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Кўп ўтмай ҳодисанинг видеоси интернетда тарқалди.

Шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео (фото) юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб борган. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳалар 3 нафар самарқандлик йигит томонидан тасвирга олиниб, тарқатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ хабар берди.

Ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган. Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан учала йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва фуқароларнинг ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари мавжудлигини эслатиб ўтган. Бундай ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддалар мавжуд бўлиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик Самарқанд

Баҳолаганлар

1629

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг