Самарқандда ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди
3-саҳифа
−
09 Июнь 2023
11043Самарқанд вилоятида ҳоким ёрдамчиси 1500 АҚШ доллари миқдоридаги порани олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилояти “Шукрона” МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс банкдаги мансабдор танишлари орқали 150 миллион сўм миқдорида кредит чиқариб бериш эвазига тадбиркордан 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилган. Мазкур вазият юзасидан тадбиркор фуқаро жорий йилнинг 7 июнь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган.
Фуқаронинг мурожаатига кўра, тадбиркор Самарқанд шаҳар “Шукрона” маҳалласида маиший хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида, “Халқ банки” Самарқанд шаҳар филиалидан кредит олмоқчи бўлган. Ҳоким ёрдамчиси эса бу масалани осон ҳал қилиши, “меҳнат ҳақи” эса 1500 АҚШ доллари бўлишини айтган.
“Мазкур аризага асосан, Самарқанд вилоятидаги масъул орган ташкилотлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқанд шаҳар Сайфи Сарой кўчасида жойлашган “Шукрона” МФЙ биноси ёнида ҳоким ёрдамчиси ариза муаллифидан 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди”, дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.