Самарқандда жигар трансплантацияси ўтказилди. Бемор ҳам, донор ҳам вафот этди

3-саҳифа 52622
image

Самарқандда илк бор жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилди ва бир ҳафта ўтар-ўтмас бемор ҳам, донор ҳам вафот этди. Бу ҳақдаги хабарларни QALAMPIR.UZ’га Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати тасдиқлади.

Маълум қилинишича, жорий йил 9 август куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази трансплантологлари томонидан ҳудудда илк бор ўта мураккаб ва ноёб операция ҳисобланган жигар кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилган. Бу жараёнда жигар циррози, субкомпенсация босқичи билан касалланган оғир аҳволдаги 57 ёшли беморга 35 ёшли қизи донорлик қилган.

Сўнгги 4 йилда беморнинг аҳволи оғирлашиб, бир неча маротаба вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жигар циррози касаллигидан даволанган. Аммо саломатлиги борган сари ёмонлашиши туфайли у жорий йил 27 июль куни жарроҳлик бўлимига ётқизилган. Беморда стандарт асосида бажарилган текширувлардан кейин операцияолди консерватив терапияси ўтказилган.

“Жигар трансплантациясидан аввал бемор, донор ва унинг қариндошлари билан биргаликда қонунчиликда белгиланган ва қонуности ҳужжатларида кўрсатилган стандартлар асосида иш юритилган.  

13 соату 20 дақиқа давом этган жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор реанимация бўлимига ўтказилиб, интенсив даво муолажалари давом эттирилган. Бироқ дастлабки таҳлилларга қараганда, стабиль оғир аҳволдаги ушбу фуқаро 12 августда ўткир юрак-қон томирлари етишмовчилиги туфайли вафот этган”, дейилади Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.

Таъкидланишича, беморга донорлик қилган 35 ёшли қизи стандарт асосида текширилиб, трансплантация қилинган. Операциядан сўнг унда интенсив даво муолажалари олиб борилган. 

“Аммо донорда буйрак етишмовчилиги, икки томонлама зотилжам асорати кузатилиб, стандарт бўйича интенсив даво чоралари қўлланилган. Шунга қарамай, умумий ҳолати яхшиланиб бораётган беморнинг аҳволи 16 август куни бирдан ёмонлашиб, юрак уриши тўхтаган. Реанимацион тадбирлар ўтказилишига қарамасдан, унда биологик ўлим кузатилган”, дейилади маълумотда. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, донорда ўпка томирларининг тромбоэмболияси асорати кузатилганлиги гумон қилинган.

Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3227
Рейтинг: 3
t
×