Самарқандда ёш болани мунтазам калтаклаб келган энага қамалди

Жамият

image

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида маълум пул эвазига ўзига ишониб топширилган мурғак гўдакни мунтазам равишда калтаклаб келган энага 5 йилга қамалди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, асли ургутлик 37 ёшли судланувчи Самарқанд шаҳрида ўзи билан бирга ижара уйда яшаган танишининг фарзандига энагалик қилишга келишган. Бунинг эвазига ижара пулининг ярмини тўлашга келишган. Она ишда бўлганида боласига қараб туришни ваъда қилган судланувчи дугонасига берган сўзининг устидан чиқмайди. Судланувчи ҳали вояга етмаган боланинг шўхликларини кўтара олмаган ва уни уриб-дўппослаб келган.

“Балки онасидаги аламимни ундан олгим келдими, балки фарзандсизлигим менга қарши таъсир қилдими, нега ҳаммага беради, менга бермайди, дедим. Ҳамма нарсани ўйладим. Бир марта урдим, лекин яхшигина урдим. Қўлидан, қорнидан чимчиладим, юзига, думбасига урдим”, деган аёл суд залида айбига иқрор бўлиб.

Судланувчи айбини яшириш мақсадида болани даволаб бериш эвазига 500 минг сўм беришини айтиб, уни бошқа дугонасига бериб юборган. Аёл фарзанди қийналиб нафас олаётганини кўргач, уни шифохонага олиб борган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасида боланинг чап юз ёноқ ва бурун соҳаларида шилинма, кўкрак ва иккала қўл-оёқларида жароҳатлар аниқланган.

Қовурғаларининг синиши каби жароҳатлар ҳаёт учун ўта хавфли бўлган тан жароҳатлар, дея баҳоланган ва у ўтмас жисмлар таъсирида етказилгани кўрсатилган.

Судланувчи аёл ўз айбини бўйнига олиб, агар дугонасининг ўрнида бўлганида у бу ишни қилган кишини қаматиш ўрнига ўлдириб юборишини айтган. Энаганинг содир этган хатти-ҳаракатларига судья томонидан қонуний баҳо берилиб, Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят Самарқанд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг