Самарқандда янги келин-куёв газдан заҳарланиб вафот этди

3-саҳифа

image

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 28 кунлик келин-куёв газдан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда кеча, 20 январь куни инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Маълум бўлишича, тунда газ тармоқдан узилган ва қайта ёқилган. Олов ўчгач, сизиб чиққан газдан уйқудаги келин-куёв заҳарланган. Уларни эрталаб хонадондан ўлик ҳолда топишган.

Ташановнинг таъкидлашича, туман газ идораси аза бошланмасидан аввал хонадон эгаларини техника хавфсизлигига риоя қилмасликда айблаб, далолатнома тўлдириб кетган.

“Ўша куни қишлоққа ҳоким келган экан. Газчилар бу валломатга яхши кўриниш учун газни баландлатиб, масхарабозлик қилишган. Кечаси “чегириб қоламиз”, деганми, билмайман. Одамлар ўлиши учун уруш бўлиши шарт эмас. Мутасаддиларнинг уқувсиз ва аҳмоқ бўлиши етарли. Уларни бу ёшларнинг уволи урсин!” деб ёзади ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

QALAMPIR.UZ вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди. Унинг Самарканд прокуратурасига таяниб маълум қилишича, воқеа 4 кун олдин содир бўлган.

“Воқеа ҳақида ҳукукни муҳофаза килиш органларига хабар берилмаган экан. Ота-онаси келин-куёвнинг жасадларини кўмиб юборган. Ҳозирда прокуратура ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб бормоқда”, дея маълум қилди Ҳаёт Шамсутдинов.

Нурмуҳаммад Файзуллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

газ Самарқанд Каттақўрғон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг