Самарқандда пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳақорат қилган йигит қамалди
3-саҳифа
−
10 Январь 30053 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс томонидан пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ҳақорат қилингани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Кеча, 9 январь куни ушбу фуқаро 12 суткага қамалди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Текширувлар натижасида 2025 йил 30 декабрь куни 2004 йилда туғилган шахс интернет ижтимоий тармоғидаги ўзига тегишли профил орқали Telegram каналларидан бирининг изоҳ қисмида диний адоватни тарғиб қилувчи маълумотни тарқатганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширувлар давомида шахснинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184³-моддаси асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун суд органларига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани судининг 2026 йил 9 январдаги қарорига кўра, мазкур шахснинг қилмишида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184³-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилиб, унга нисбатан 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
“Шу ўринда эслатиб ўтамиз, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Унутманг, ҳар қандай ғайриқонуний қилмиш учун жазо муқаррардир”, дейилади бошқарма хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ чет элда юрган вақтида ижтимоий тармоқ орқали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилган шахс 4 йилга қамалган эди.
Live
Барчаси