Самарқандда барча таълим муассасалари учун карантин 14 кунга узайтирилди
Жамият
−
11 Май 2021
3345Самарқанд шаҳар ҳудудида коронавирус инфекциясини юқтириш кўрсаткичи ошиб бораётганлиги сабабли барча таълим муассасаларидаги карантин муддати яна 14 кунга узайтирилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқандда карантин муддатини яна 14 кунга узайтириш тўғрисида қарор шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги эпидемияга қарши куриш фавқулодда комиссияси томонидан қабул қилинган.
“Самарқанд шаҳар ҳудудида инфекцияни юқтириб олиш кўрсаткичи бир неча баробар ошиб бораётгани ва унинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида комиссиянинг навбатдаги қарори тасдиқланди. Унга кўра, 14 кунлик янги карантин даври жорий этилди, яъни 10 майдан 25 майга қадар шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида дарс жараёнлари онлайн шаклда давом этади”, дейилади хабарда.
Эслатиб зтамиз, 22 апрель куни Самарқанд шаҳридаги 31 та умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари орасида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқлангани сабабли 14 кунга ўқув жараёни масофавий шаклга ўтказилганди.