Самарқандда автомобиль тезлиги 60 км/соатгача камайтирилади
Жамият
−
07 Декабрь 2022
4431Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоятнинг 12 та кўча ва йўлида транспорт тезлигини 70 дан 60 км/соатгача чеклаш таклифи маъқулланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Вилоят ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўллари ва кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги участкаларда тезликни 60 км/соатгача камайтириш тасдиқланган:
— Самарқанд шаҳридаги М-37а Самарқанд ҳалқа йўлининг 40-43 километрлари оралиғида;
— Афросиёб, Даҳбед ва Гагарин кўчаларида;
— Каттақўрғон шаҳридаги Амир Темур, Самарқанд, U.Barnoyev кўчаларида;
— Ургут туманидаги 4Р-47 автомобиль йўлининг 57-64 километрлари оралиғида;
— 4Р-50 "Тайлоқ-Ургут" автомобиль йўлининг 22-24 километрлари оралиғида;
— 4К-522 "Ургут-Почвон-Устахона" автомобиль йўлининг 0-2 километрлари оралиғида;
— Булунғур туманидаги 4Р-47 "Булунғур-Ургут М39"автомобиль йўлининг 0-5 километрлари оралиғида;
— Тайлоқ туманидаги А-377 "Самарқанд-Айний" автомобиль йўлининг 2-9 километрлари оралиғида.
Депутатлар тасдиқлаган мазкур таклиф Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги республика комиссиясига тақдим этилади.
Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида вилоятда 315 мингга яқин йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган. Жумладан, тезликни ошириш оқибатида 285 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги маълум бўлди. Бу ҳодисалар оқибатида 88 киши ҳалок бўлган, 219 нафар шахс жароҳатланган.
Озода Чориева
LiveБарчаси