Самарқандда 32 ёшли аёл эрининг оёқ-қўлини боғлаб, тириклайин ёқиб юборди
3-саҳифа
−
24 Апрель
23576Самарқандда 32 ёшли аёл маст ҳолатда бўлган турмуш ўртоғининг оёқ-қўлларини боғлаб, устига бензин сепиб, ёқиб юборди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, эркак ушбу аёл билан шаръий никоҳ асосида яшаётган бўлган. Оилали, фарзандли эркакнинг бу аёл билан муносабатидан унинг онаси ўлимидан кейин хабар топган.
"У хотини ва боласи Россияга кетганидан сўнг бу аёлни топган. Алоқа қилиб юрганидан бизнинг хабаримиз йўқ. Кўмир бўлиб куйиб қолган, ўзимнинг боламни танимадим. Унинг қўл-оёғини боғлаб ёқиб юборган. Суддан олий жазо беришни сўрадим. Бу қандай ваҳшийлик", деган марҳумнинг онаси.
Суд ҳужжатларида кўрсатилишича, марҳум ва аёл ўртасида тез-тез жанжал бўлган. Судланувчи жанжалнинг сабабини эри охирги пайтларда уйга пул олиб келмагани ва уни бошқа эркаклар билан гаплашаётганликда айблаб, рашк қилгани билан боғлаган.
Аёлнинг айтишича, фожиа содир бўлган куни ҳам эркак аёлни урган ва ўғлини ўлдириш билан қўрқитган. Шундан сўнг у кўчага чиқиб кетиб, спиртли ичимлик олиб келади. Эри маст бўлгач танишига бензин буюртма қилади.
"Ўғлимни ўлдираман дегани учун бор-йўғи 1,5 литр бензин тўкдим ва ёқдим", деган айбланувчи.
Аниқланишича, судланувчи илгари ҳам аёл қариндошини пичоқлагани учун жазо ўтаб чиққан.
"Суд ҳукми билан айбланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан айбли деб топилди ва унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди", дейилади хабарда.
LiveБарчаси