Самарқандда ҳайдовчи ЙПХ ходимини дўппослади. Ходим электрошокер ишлатди

Жамият

image

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ҳайдовчи машинасини расмга олгани учун Йўл-патруль хизмати инспекторини калтаклади. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, Пастдарғом тумани Жума шаҳридаги деҳқон бозори атрофида машиналар тўхтатиши мумкин бўлмаган жойларга қўйилган транспорт воситаларига нисбатан тегишли тартибда чора кўраётган Йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчи томонидан калтакланган.

Қайд этилишича, 1994 йилда туғилган эркак ўзига тегишли бўлган "Lacetti" русумли автомобилни суратга олаётган инспекторга ташланиб, унинг ёқасидан тутган, юзи ва тана қисмига  мушт туширган.

Шундан сўнг, ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан электрошокер қўллашга мажбур бўлган. Ҳолат бўйича инспекторга нисбатан хизмат текшируви тайинланган. Унда ходимнинг ўз хизмат вазифасини белгиланган қоидалардан четга чиқмаган ҳолда бажаргани аниқланган.

"Бир фуқаро келиб, “Нега менинг машинамни расмга туширдинг?”,  деб  дўқ-пўписа қилди. Ҳайдовчига унинг машинаси йўлнинг қатнов қисмида тургани сабаб расмга туширганимни айтдим. Шунга қарамасдан, ҳайдовчи ҳар хил гаплар билан ҳақорат қилиб, кўйлагимни ёқасидан ушлаб, кўкрагимга урди", дейди ЙПХ инспектори.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда Пастдарғом туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими томонидан махсус воситалардан, шу жумладан ЭШУ (электр токи уриш мосламалари)дан фойдаланиш тартиби “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг тегишли кўрсатмаси билан белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

895

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг