Самарқанд ва Тошкентда катта миқдордаги олтин ва ёқут сотмоқчи бўлганлар ушланди (видео)
Жамият
−
11 Июнь 2023
13526Самарқанд вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида 1 килограмм 75 грамм олтин ва 838 грамм ёқут тошини ноқонуний равишда сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида Тошкент томон ҳаракатланаётган 1983 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Nexia тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унинг салон қисмида умумий оғирлиги 1 килограмм 75 грамм бўлган 11 дона олтин бўлаги борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Мутахассисларнинг баҳолашича, ушбу 999 пробали олтиннинг қиймати 795 миллион сўмни ташкил этади.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида 1968 йилда туғилган шахс соф оғирлиги 838 грамм бўлган ёқутни 300 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Келишилган суммадан 80 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у мазкур қимматбаҳо тошни 1960 йилда туғилган фуқародан олгани аниқланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида у ҳам ушланган.
Ёқутнинг умумий қиймати 477 миллион 256 минг сўмни ташкил этиши маълум қилинган.
Таъкидланишича, ҳар икки фуқаро ҳам муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун судланган.
Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси (Вальюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) 4-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда.