Самарқанд ва Қаршида мушакбозлик ёнғин билан якунланди
Жамият
−
02 Сентябрь 2019
6522Кеча, 1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги байрами муносабати билан мамлакатнинг турли шаҳарларида мушакбозлик томошалари уюштирилди.
Бироқ Қарши ва Самарқанддаги мушакбозликлар ёнғин билан якунланди.
Самарқанд шаҳридаги “В.Абдулла” кўчаси олдидаги очиқ майдонда ўрнатилган мушаклар отилиши жараёнида мушакларнинг ўчмай қолган чўғ парчалари 350 метр узоқликдаги қуриган ўтлар устига келиб тушиши натижасида 40 сотих майдонда қуруқ ўт ёнган.
Мазкур тадбирга жалб этилган навбатчиликда турган 3 та ёнғин ўчириш экипажи ҳамда 1 та сув ташишга мўлжалланган ёрдамчи техника ёрдамида ёнғин соат 21:27 да тўлиқ бартараф этилган.
- Тан жароҳати олганлар йўқ. Аланга бино ва иншоотларга ўтмаган.
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги М.Тошмухаммедов номидаги мусиқали драма театри олдидаги очиқ майдонда ўтказилган мушакбозлик давомида мушаклардан бирининг нуқсони бўлганлиги ва унинг етарлича ердан кўтарилмасдан ёрилиши эвазига ундан чиққан учқун 300 метр узоқликдаги қуриган ўтлар устига тушиши оқибатида 40 кв.метр майдонда ёнғин юзага келган. Тадбирга жалб этилган навбатчиликда бўлган 3 та ёнғин ўчириш экипажи ёрдамида ёнғин 5 дақиқада бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар йўқ. Аланга бино ва иншоотларга ўтмаган.