Самарқанд шаҳри ҳудуди 3 туман ҳисобига кенгайтирилади

Жамият

image

Кеча, 13 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказигани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишда Самарқанд шаҳри аҳолиси 600 мингдан ошгани, ҳозирги уй-жой салоҳияти ва инфратузилма эҳтиёжни қондира олмаслиги қайд этилди. Шу боис шаҳарни Пастдарғом, Нуробод, Самарқанд туманлари томон кенгайтириш, янги мавзелар, “йўлдош шаҳарлар” барпо этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Шу орқали вилоятда минглаб иш ўринлари очилиши таъкидланди.

Самарқанд вилоятида 120 та норуда конлар мавжуд бўлиб, улардан 33 таси саноат йўли билан ўзлаштиришга жалб қилинмаган. Мисол учун, 5,1 миллион куб метр керамзит ва пардозбоп тошлар, 200 минг тонна ферро-силицийни саноат усулида қайта ишлаш имконияти бор.

Мутасаддиларга мавжуд конларнинг муҳандислик инфратузилма таъминотини ўрганиб, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. 

Саноати орқада бўлган туманларни ривожлантириш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Нуробод туманидаги қисмини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Вилоятдаги тўқимачилик корхоналари 37 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эгалиги ҳолда, ҳозирда уларнинг атиги 48 фоизидан фойдаланилаётгани айтиб ўтилди.

Шу боис, тўқимачилик саноати қувватларининг ишлаш даражасини ошириш, вилоятдаги 2 та пахта-тўқимачилик кластерида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўтган йиғилишдаги топшириққа мувофиқ, Самарқанд вилоятида ҳунармандчиликнинг муайян йўналишларига ихтисослашган 217 та эски қишлоқ тарихи, маҳаллий аҳолининг азалдан шаклланган кўникмалари ва “ўсиш нуқталари” ўрганилди. Бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам бошлаб, аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериб, 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд

Баҳолаганлар

213

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг