Сахалинда мигрантларга 24 соҳада ишлаш тақиқланди
Олам
−
19:55
1551Россиянинг Сахалин вилояти ҳукумати муҳожирларга 24 соҳада ишлашни тақиқлади. Бу ҳақда вилоят ҳукумати веб-сайтида маълим қилинди.
Унга кўра, чет эл фуқаролари нон ишлаб чиқариш, озиқ-овқат чакана савдоси, ресторанларда ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, мактабгача ва бошланғич умумий таълим, хавфсизлик хизмати фаолияти, йўловчиларга хизмат кўрсатиш, йўловчи таксиси ва ҳайдовчи билан автоуловларни ижарага олиш каби соҳаларда ишлай олмайди.
“Бундан ташқари, мигрантлар болаларни кундузги парвариш қилиш, бинолар ва саноат ускуналарини дезинфекция қилиш, алоқа ускуналарини таъмирлаш ва бошқа ташкилотларда ишлай олмайди. Шунингдек, жисмоний шахсларга чет элликларни уй хўжаликларида, шу жумладан товар ишлаб чиқаришда ишлашга жалб қилиш тақиқланади”, дейилади хабарда.
Чекловларга риоя қилмагани учун юридик шахсларга 1 миллион рублгача жарима солинади. Ушбу фармон 2025 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилган.
Маълумот учун, 2024 йилда Россиянинг бошқа минтақаларида чет эл фуқаролари учун кўплаб чекловлар жорий этилган. Улар орасида Калининград, Липецк, Новосибирск, Курск, Омск, Иркутск ва Воронеж вилоятлари бор. Ўтган йил охирига келиб, 10 та минтақа мигрантларни алоҳида соҳаларда иш билан таъминлашни тақиқлади. Чекловлар Тула, Челябинск, Магадан, Калуга, Тюмен ва бошқа вилоятларда ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилдан бошлаб Россиянинг Москва вилоятида мигрантлар учун патент нархи 8,9 минг рублгача оширилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб Москва вилоятида чет эллик ишчиларни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси, кўча овқатлари, ижтимоий хизматлар, спорт, маданият, дам олиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида патент асосида ишга жалб қилиш тақиқланиши мумкинлиги ҳам хабар қилинган.
Муҳаммад Ҳодиев