Саида Мирзиёева ЖСТ раҳбари билан учрашди

Жамият

image

Кеча, 17 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Женевада Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“Мулоқот давомида юртимизда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги янги эҳтимолий қийинчиликлар ҳамда ишонч ва ҳамкорликнинг муҳим аҳамияти ҳақида очиқ фикр алмашдик”, деб ёзади Саида Мирзиёева.

У Нгози хонимга лидерлик ва доимий қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирганини маълум қилган. Шунингдек, жаҳон савдоси учун муҳим даврда Ўзбекистон ислоҳотлар доирасида ўз мажбуриятларини қатъият билан бажаришда давом этиши қайд этилган.

Таъкидлаш жоиз, бу Саида Мирзиёеванинг Нгози Оконжо-Ивеала билан биринчи учрашуви эмас. Ўтган йилнинг июнь ойида улар Тошкентда “Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни” мавзусидаги юқори даражадаги конфереция доирасида учрашганди. Ўша йили сентябрь ойидаги эса Мирзиёева Женевага борган ва шу ерда ЖСТ раҳбари билан учрашганди.

Қайд этиш жоиз, жорий йил 14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни ва уни жадаллаштириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Йиғилишда давлат раҳбари томонидан ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда уни сифатли ва тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Покистон ва Таиланд билан икки томонлама музокараларни якунлаганди. 19 декабрь куни Ўзбекистон ва АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни доирасида икки томонлама бозорларга кириш бўйича музокараларни якунлаш протоколини имзолади. Ҳужжатни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай имзолаган. Ўзбекистонда жорий йил июнда Буюк Британия билан, июлда эса Швейцария билан Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича икки томонлама музокараларни расман якунлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Саида Мирзиёева ЖСТ Нгози Оконжо-Ивеала

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг