Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни бўйича маълумот берди
Жамият
−
27 Январь
4488Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнидаги ҳозирги ҳолат ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2024 йилда ушбу йўналишда катта қадам ташлаган.
"Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган қатъий иқтисодий ислоҳотлар натижасида амалга ошди. Хусусан, ўтган йили ЖСТ Ишчи гуруҳи иккита муҳим йиғилиш ўтказди. Бу бизга аъзоликнинг асосий ҳужжати – Ишчи гуруҳ Ҳисоботи лойиҳасини тайёрлашга киришишга имкон берди. Шунингдек, АҚШ, Хитой ва Япония каби 15 та мамлакат билан икки томонлама музокаралар якунланди. Натижада Ўзбекистон ҳисобида 23 та имзоланган битим бор", дейди Мирзиёева.
Шунингдек, Президент ёрдамчиси Ўзбекистонда қисқа вақт ичида бизнесни ва рақобатни янада шаффоф қилиш учун 20 та муҳим қонун қабул қилинганини қўшимча қилди.
"Тез орада Ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун жорий йилда ҳам биз шу суръатда давом этамиз. Бу мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши ҳамда ўзбек бизнесининг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига кириб боришини таъминлаши лозим.
ЖСТга аъзолик ва давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг якуний мақсади, шубҳасиз, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, унга муносиб иш ўринларини яратиш ва иқтисодиёт бошқарувини самаралироқ тизимга ўтказишдир", деб ёзди Мирзиёева.
Маълумот учун, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза топширган ва 2020 йилдан бошлаб ушбу жараёнда фаол ишлашни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Покистон ва Таиланд билан икки томонлама музокараларни якунлаганди. 19 декабрь куни Ўзбекистон ва АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни доирасида икки томонлама бозорларга кириш бўйича музокараларни якунлаш протоколини имзолади. Ҳужжатни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай имзолаган.