Саида Мирзиёева Тошкентдаги муҳим объектларни кўздан кечирди

Жамият

image

Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳридаги муҳим объектларни кўздан кечирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Саида Мирзиёеванинг билдиришича, Тошкент жадал ривожланмоқда, аммо, айни пайтда, шаҳарда яшил ҳудудлар ниҳоятда кам. Янги истироҳат боғлари барпо этиш ва атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш – пойтахт келажаги учун энг зарур устувор йўналишлардан.

“Айнан шу сабабдан шаҳардаги қатор муҳим объектларни бориб кўрдим. Ҳар бир масканнинг ўз ўрни, хусусияти бор. Мақсадимиз битта — уларни халққа хизмат қиладиган қулай манзилга айлантириш.

Афросиёб кўчасидаги боғни кўздан кечирдик. Бу ерда барча эмин-эркин дам олиши учун зарур шароитни яратиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Сайилгоҳ кўчаси, Амир Темур шоҳкўчаси ва унга туташ ҳудудларни янгилаш, Бобур номидаги Экопарк ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги боғ майдонларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдик”, дейди Президент Администрацияси раҳбари.

Шунингдек, у асосий вазифа – пойтахтга “яшил шаҳар” мақомини қайтариш, одамлар мазмунли ҳордиқ чиқариши ва сайр қилиши учун имкон қадар кўпроқ очиқ майдонлар яратиш эканини қайд этган ва қулай ва хавфсиз муҳитни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ишларини изчил давом эттириш ҳамда мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш лозимлигини билдирган.

“Шаҳар аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш йўлида бу масалаларни ҳал этишга зудлик билан киришмоқ жуда муҳим”, дейди Саида Мирзиёева.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг