Саида Мирзиёева Термиз ИИБ ходимлари қонун олдида жавоб беришига умид қиляпти
Жамият
−
10 Апрель 2021
67560Ҳафта охирига келиб, Термизда бундан 14 ой аввал 16 яшар ўқувчи қизнинг зўрлангани ва бунга нисбатан ички ишлар идоралари панжа ортидан қараб, ишни бости-бости қилиб келгани кун тартибига чиқди. Орадан шунча вақт ўтиб, прокуратура, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти тилга кирди. 14 ой деганда хизмат текшируви бошланди.
Ушбу воқеага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева муносабат билдириб, мазкур ҳолат бўйича жамиятда пайдо бўлган ғазабни дастаклашини маълум қилди.
“Термизлик вояга етмаган қиз фожиаси, уни зўрлаган кимсанинг жазосиз қолаётгани ҳақидаги хабар жамиятимизнинг кучли ғазабига сабаб бўлди ва мен уларнинг қарашларини бутунлай қувватлайман.
Бу мавзу кўтарилганидан хурсандман, у шу каби жиноятлардан азият чеккан қизларга ўрнак бўлади. Бундай жиноятлар эътиборсиз, жазосиз қолмаслиги керак”.
У бир йилдан ортиқ вақт давомида қизнинг шаънини топтаган йигитга чора кўрмаётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини оқлаб бўлмаслигини урғулади.
“Бир йилдан ортиқ вақт давомида ота-она адолат излаб, норасида қизининг ҳаётини синдирган зўравонни жазолашни талаб қилди.
Жиноятчини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаганидек, Термиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини ҳам умуман оқлаб бўлмайди. ИИВ бу ҳолат юзасидан суриштирув-тергов ишларини ўтказишига ва Термиз ИИБ ходимлари жиноятни яширганлиги учун қонун олдида жавоб беришига умид қиламан. Менинг фикримча, бундай одамлар соҳада юзага келаётган адолатсизликларнинг асоси ва қўзғатувчисидир.
Жиноятчининг мансаби, ваколати ва алоқалари ҳеч қандай ҳолатда суд органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг адолатли бўлишига таъсир кўрсатмаслиги лозим.
Қизчанинг ота-онасига сабр, ўзига эса куч тилайман. Бардам бўлинг, виждонини йўқотмаган барча сиз томонда!”, дейди Саида Мирзиёева.
Маълумот ўрнида, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Б.Э. исмли шахс 2020 йилнинг январь ойида 16 ёшли вояга етмаган (мактаб ўқувчиси) қизнинг ожизлигидан фойдаланиб номусига теккан.
Қайд этилишича, ушбу жиноятни содир этган шахсга нисбатан қарийб 14 ойдан бери Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан қонуний чоралар кўрилмай келинмоқда.
Маълум қилинишича, жабрланувчи қизнинг ота-онаси адолатни қарор топтириш, жиноятни амалга оширган шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб бир йилдан бери Термиз шаҳар ИИО ФМБга ва бошқа маъмурий идораларга қилган барча мурожаатлари эътиборсиз қодирилган. Айниқса, Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан мазкур воқеа бўйича сифатсиз текширишлар ўтказилганлиги, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар қабул қилганлиги ҳамда жиноятни амалга оширган шахснинг дўстлари Термиз шаҳар ИИО ФМБда фаолият юритиши, шу сабабли иш бости-бости қилиб келинаётгани ота-онанинг сўнгги чора сифатида Сенатга мурожаат қилишига сабаб бўлган.
LiveБарчаси