Саида Мирзиёева Татаристонга борди
Жамият
−
02 Декабрь 3836 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева кеча, 1 декабрь куни Татаристон Республикаси раиси Рустам Миннихонов билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Қайд этилишича, улар Ўзбекистон ва Татаристон ҳудудлари ўртасидаги жадал савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилган.
“Халқларимизнинг тарихий яқинлиги ва маданиятлар муштараклигига асосланган гуманитар алоқаларга алоҳида эътибор қаратдик. Ўзбекистонда энг кўп сонли татар диаспораси истиқомат қилмоқда. Татаристон эса Россияда таълим соҳасидаги асосий ҳамкорларимиздан бири ҳисобланади – бу ерда 3,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда.
Самимий қабул ва очиқ мулоқот учун миннатдорман. Ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз янада ривожланиши ва мустаҳкамланиб боришига ишонаман”, дейди Саида Мирзиёева.
Татаристон раисининг матбуот хизмати хабарига кўра, ишчи ташриф билан Қозонда бўлиб турган Саида Мирзиёева Рустам Миннихоновга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган.

Рустам Миннихонов ва Саида Мирзиёева “Оламлар орасидаги нур” номли картиналар кўргазмасига борди. Экспозиция Россиянинг Истра шаҳридаги “Янги Ерусалим” Давлат музейи ҳамда Нукус шаҳридаги И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи коллекцияларини бирлаштирди.

“Татаристон–Ўзбекистон алоқалари тарихий жиҳатдан бизда жуда кўп умумий жиҳатлар борлигига асосланади. Бунга бизнинг тарихимиз, анъаналаримиз, умумий динимиз, албатта, тиллар яқинлиги хизмат қилади – биз бир-биримиз билан осон мулоқот қила оламиз”, деди Миннихонов.

Кеча кечқурун Миннихонов ва Мирзиёева композитор ва пианист Кирилл Рихтер ҳамда маэстро Алибек Кабдурахмонов бошқарувидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри иштирокидаги концертга борди. Концерт Қозон шаҳридаги Г. Камал номидаги театрнинг янги биносида бўлиб ўтди. Концерт якунланганидан сўнг, артистларга Саида Мирзиёева ва Рустам Минниханов номидан гуллар тақдим этилди.