Саида Мирзиёева Президентнинг беш ташаббуси бўйича Бўкага борди

Жамият 22562
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева бугун, 20 апрель куни Президентнинг 5 ташаббуси юзасидан Тошкент вилоятининг Бўка туманига борди. 

У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 та ташаббусини Бўка туманида жорий қилиш бўйича республика ва туман секторлари ишчи гуруҳлари билан биргаликда белгиланган ишларни амалга ошириш жараёнида бевосита иштирок этганини маълум қилди. 

“Тумандаги “Бўстон” маданият маркази атрофида ва 28-сон умумтаълим мактаби ўрнида ўз ичига 5 та ташаббусни мужассамлантирган кишлоқ маънавий маърифий марказларида олиб борилаётган ишлар билан танишдим.

Ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва гуруҳ олдида турган вазифаларни атрофлича муҳокама қилиб, аниқ ва истиқболли стратегик режа ишлаб чиқиш тўғрисида келишиб олинди. 

Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ижросининг ўзаги сифатида мен мактабларни белгилаган бўлар эдим. Фикримча, айнан мактабларни 5 та ташаббус замирида маданият, маърифат, спорт ва компьютер технологиялари ўчоғи сифатида белгилаб олсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, дейди Саида Мирзиёева. 

Агентлик директори ўринбосари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан 5 та ташаббусни амалга оширишда таклиф ва мулоҳазалар беришларини сўради. 

Маълумот ўрнида, збекистон раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. 

Биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган. 

Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган. 

Тўртинчи ташаббус – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. 

Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 255
Рейтинг: 3.1
Будьте в курсе событий!
×
×